Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар спортини ривожлантиришда муҳим қадам
17:12 / 2026-01-20

Сирдарё вилоятида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган ишлар янги босқичга чиқмоқда.

Шу мақсадда Гулистон шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларига тайёргарлик ва селекция ишларини самарали ташкил этишга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят спорт бошқармасига қарашли туман ва шаҳар спорт мактабларида оммавий спортни ривожлантириш ва селекция ишларига масъул директор ўринбосарлари иштирок этишди. Семинар давомида ҳудудларда ўтказилаётган спорт мусобақаларини самарали ташкил этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини бойитиш ва иштирокчилар сонини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, ёшлар ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини қабул қилиш тартиби ва уларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди. Тадбирда иштирокчиларга оммавий спортни ривожлантириш, аҳолини мунтазам спорт машғулотларига жалб этиш ва тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича аниқ амалий тавсиялар берилди.

–  Ўқув-семинар давомида оммавий спортни ривожлантириш, аҳолини мунтазам спорт машғулотларига жалб этиш ҳамда спорт тадбирларини тизимли ташкил этишга қаратилган аниқ амалий тавсиялар ишлаб чиқилди, –  дейди Сирдарё вилоят спорт бошқармасининг Оммавий ва этно спорт турларини ривожлантириш ҳамда спорт нормативларини ўтказиш шўбаси бошлиғи  Қосим Ниёзов. –  Энг муҳими, спорт мусобақалари орқали иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни спорт мактабларига йўналтириш ва селекция ишларини сифатли йўлга қўйиш устувор вазифа сифатида қайд этилди.

Семинарда ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш, маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва ёшларни спортга кенг жалб этиш, жисмоний фаолликни кундалик ҳаёт тарзига айлантириш масалалари юзасидан ҳам қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Якунда иштирокчилар ҳудудлардаги тажриба, учраётган муаммолар ва уларнинг самарали ечимлари юзасидан фикр алмашиб, келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдилар.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири