Тошкент вилояти ҳокимига ёшларга оид давлат сиёсати доирасида ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилда белгиланган устувор вазифалар бўйича батафсил тақдимот ўтказди.
Унда таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда 732 минг 617 нафар ёшлар истиқомат қилади. Уларни ижтимоий ҳолатига кўра таҳлил қилиш натижасида асосий қисми “яшил” тоифага мансуб экани, шу билан бирга “сариқ” ва “қизил” тоифадаги ёшлар билан ҳам манзилли иш олиб борилаётгани қайд этилди.
2025 йил давомида “Ёшлар дафтари” платформаси орқали 6 минг 173 нафар ёшга 18,3 миллиард сўм миқдорида моддий ва ижтимоий кўмаклар кўрсатилди. Жумладан, ёшларнинг шартнома тўловлари, даволаниш харажатлари қопланди, сафарбарлик чақируви резерви тўловлари амалга оширилди ҳамда минглаб йигит-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида бир миллиондан ортиқ ёшлар қамраб олинди. Республика босқичларида вилоят ёшлари томонидан 27 та медаль қўлга киритилди. Шунингдек, сўнгги уч йилда маҳаллаларда 70 та замонавий спорт майдончалари барпо этилди.
Шу билан бирга, бандликни таъминлаш йўналишида ишлаб чиқилган “Ёшлар бандлик дастури” доирасида 29 минг нафардан зиёд ёшлар қамраб олиниб, дастур ижроси 89 фоизга етказилди. Минглаб ёшлар доимий иш ўринларига жойлаштирилди, касб-ҳунарга ўқитилди, тадбиркорлик фаолиятига жалб этилди ва таълимнинг кейинги босқичларига йўналтирилди.
Шунингдек, “оғир” тоифадаги ишсиз ёшлар билан манзилли ишлаш, оталиққа олинган ёшларни ижтимоийлаштириш, миграциядаги ёшларни Ватанга қайтариш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида самарали натижаларга эришилди. Ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайгани айтилди.
Тақдимотда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар ҳам аниқ режалар асосида кўрсатиб ўтилди. Хусусан, жорий йилда ёшлар билан ишлашда устувор вазифалар сифатида ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан оталиққа олинган 1 минг 907 нафар ҳуқуқбузарликка мойил ёшлар билан амалга оширилган ишлар таҳлили чуқурлаштирилади. Ёшлар ўртасида жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган Қуйи Чирчиқ, Бекобод туманлари ва Оҳангарон шаҳрида ватанпарварлик руҳини кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Шунингдек, хатлов натижасида аниқланган ишсиз ёшларни ташкилот раҳбарларига бириктириш орқали уларнинг бандлиги қатъий назоратга олинади. Деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлганларга 1 минг 613 гектар ер майдонлари ажратиш, “2+6” дастури доирасида ёшларни чет тилларга ўқитиш учун субсидиялар бериш режалаштирилган.
Ёшларни замонавий касб ва хорижий тилларга ўқитиш мақсадида “Қизлар академияси”, “Устоз AI” ва “Ибрат фарзандлари” мега лойиҳалари орқали 100 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинади. Шу билан бирга, 1500 нафар ёшни касб ва чет тилларга ўқитиш орқали тартибли меҳнат миграциясига йўналтириш ҳамда тадбиркорлик қилишни истаганларга Президентимизнинг тегишли қарори асосида имтиёзли кредитлар ажратилишида амалий кўмак кўрсатилади.
Тадбир якунида вилоят ҳокими ёшлар билан ишлашда ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла кесимида манзилли ёндашувни кучайтириш, натижадорлик ва шахсий масъулиятни ошириш зарурлигини таъкидлаб, бир қанча йўналишларда ўз таклифларини билдирди.
А.Мусаев, ЎзА.