Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар шахматни бепул ва осон ўрганмоқда
16:33 / 2026-01-23

Бугунги кунда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини оширишга қаратилган бир қанча самарали лойиҳалар олиб борилмоқда.

UzChess ҳам агентлик томонидан ёшларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириш, ақлий бойлигини рағбатлантириш мақсадида йўлга қўйилган лойиҳалардан бири ҳисобланади. Айни кунда мазкур лойиҳанинг умумий аудиторияси 27 миллион нафардан ошди. UzChess орқали ёшларимиз шахматни бепул, тез ва осон ўрганишга эришмоқда.

– Шахмат орқали ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, стратегик фикрлаш ва таҳлилий тафаккурни ривожлантириш мақсадида UzChess  лойиҳаси изчил равишда амалга ошириб келинмоқда, – дейди лойиҳа раҳбари Улуғбек Исматов. – Лойиҳа доирасида ёшлар ва кенг жамоатчилик учун шахматни бепул, тез ва содда услубда ўрганиш, нуфузли халқаро мусобақаларни жонли эфирларда кузатиш, шунингдек, етакчи гроссмейстерлардан маҳорат сирларини ўзлаштириш имкониятлари яратилган.

Жорий йил якунларига кўра, UzChess  лойиҳаси рақамли платформалар орқали кенг қамровга эга бўлиб, умумий аудиторияси 27 миллион нафардан ортиқни ташкил этди.  

Хусусан, YouTube платформасида лойиҳанинг обуначилари сони 150 минг нафардан ошиб, йил бошига нисбатан 75 фоиздан ортиқ ўсиш қайд этилди. Каналда жами 2 минг 900 дан зиёд видеоконтент жойлаштирилган бўлиб, уларнинг умумий кўришлар сони 97 миллионга етди.  

Шунингдек, 1 минг 100 дан ортиқ жонли эфир орқали халқаро ва миллий мусобақалар, таҳлилий кўрсатувлар ҳамда маҳорат дарслари намойиш этилди.

Инстаграм ижтимоий тармоғида UzChess  саҳифасининг обуначилари сони 119 минг нафарга етди. Йил бошидаги кўрсаткичлар билан солиштирилганда, ушбу платформада ҳам барқарор ўсиш кузатилиб, ойлик фаол аудитория сезиларли даражада кенгайди.Twitter (X), Телеграм ва Twitch платформалари орқали ҳам лойиҳанинг халқаро қамрови мустаҳкамланиб, мазкур тармоқлардаги умумий аудитория бир неча миллион нафарни ташкил этди.

UzChess  мобил иловаси лойиҳанинг муҳим таркибий қисми сифатида фаол ривожланмоқда. Бугунги кунда иловадан 700 минг нафардан ортиқ фойдаланувчи фойдаланиб келмоқда. Жами 1 миллион 990 мингдан зиёд шахмат дарслари ўзлаштирилган бўлиб, 25 минг нафардан ортиқ иштирокчига сертификатлар топширилган. Йил якунига қадар илова фойдаланувчилари сонининг ўсиши 120 фоиздан ортиқни ташкил этди.

Илова орқали ёшлар Жаҳон кубоги соҳиби, халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдоров ҳамда бошқа етакчи шахмат усталаридан тўғридан-тўғри дарс олиш, сунъий идрок ботлари билан шахмат ўйнаш имкониятига эга бўлмоқда. Шунингдек, UzChess платформаларида мунтазам равишда совринли онлайн турнирлар ташкил этилиб, ёшларнинг рақобат муҳитида ўз маҳоратини синаб кўришига кенг йўл очилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда UzChess  ташаббуси билан UzChess Cup халқаро турнири ўтказилди. Мазкур мусобақа Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Турнир доирасида жаҳон рейтингининг ТОП–10 талигига кирувчи етакчи шахматчилар, шунингдек, халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлган маҳоратли гроссмейстерлар иштирок этди.

Гулноза Бобоева, ЎзА