Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида барпо этилган “Кураш маҳорат мактаби” мамлакатимизда миллий ва ёшлар спортига қаратилаётган изчил эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Ушбу замонавий мажмуа маҳаллада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларни спорт орқали тарбиялашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб белгиланиши ҳам айнан шу мақсадларга ҳамоҳангдир. Зеро, жамият юксалиши аввало маҳаллада, ёшлар тарбиясида, соғлом авлод шаклланишида намоён бўлади.
Янги кураш маҳорат мактабида спортчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Мажмуа таркибида 150 ўринли ётоқхона, сунъий қопламали замонавий стадион, машғулот заллари ва ошхона мавжуд. Бу имкониятлар ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, иқтидорли курашчиларни саралаб олиш ва тайёрлашга хизмат қилади.
Очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда мамлакатимизда миллий спорт турларини ривожлантириш давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланаётгани таъкидланиб, мазкур мактаб келгусида нуфузли мусобақалар ғолибларини тайёрлайдиган маҳорат масканига айланишига ишонч билдирилди.
[gallery-27067]
Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу лойиҳа орқали кураш фақат спорт сифатида эмас, балки ёшларда ирода, интизом ва миллий ғурурни шакллантирувчи тарбия воситаси сифатида намоён бўлмоқда. Бу эса 2026 йил давлат дастурида белгиланган вазифалар — маҳаллани фаол ҳаёт марказига айлантириш, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш йўлидаги амалий қадамдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА