Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Ёш сиёсатчилар лигаси” аъзолари иштирокида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Қуролли Кучлар Академиясида бўлиб ўтди.
“Ёшлар ва армия — бир тану бир жон!” мавзусида ташкил этилган учрашувда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, она юртга садоқат руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишлар эътироф этилди. Академия бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник А.Эргашeв томонидан Қуролли Кучлар тизимида ёшлар билан олиб борилаётган ишлар ҳолати, тизими, яратилган шарт-шароитлар хусусида маълумот берилди.
Учрашув давомида фаол ёшлар Қуролли Кучлар Академияси фаолияти, жумладан, музей, спорт зали, кутубхона, жанговар шайлик бўйича хизмат хоналари билан яқиндан танишди.
Партиянинг дастурий мақсадларида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратилган. Партия фаоллари бу борадаги вазифалардан келиб чиқиб, Қуролли Кучлар Академияси билан ҳамкорликда амалий саъй-ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олди.
М.Комилова, ЎзА