French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар қизиқишига кўра қўллаб-қувватланмоқда
08:04 / 2023-06-03

ФОТОРЕПОРТАЖ

Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир олий таълим муассасаси ректорларига 50 нафардан эҳтиёжманд ва эътиборга муҳтож ёшлар бириктирилган эди. Ўтган қисқа вақт давомида бу ёшлар билан кўп бора юзма-юз мулоқотлар ҳамда «Ректор ва ёшлар» учрашувлари ўтказилди, аксарият ёшларнинг муаммоларига ижобий ечим топилди ва бу жараён қизғин давом этмоқда.  

Хусусан, Наманган давлат университетига бириктирилган Поп туманида истиқомат қилувчи 51 нафар эътиборга муҳтож ўғил-қиз билан университетда тузилган ишчи гуруҳи аъзолари мунтазам иш олиб бормоқда.

Ишчи гуруҳи аъзолари туманнинг Келачи ва Ифтихор маҳаллаларида бўлиб, ёшлар билан самимий мулоқот қилдилар. Шу ўринда ушбу маҳаллаларда яшовчи Достонбек Раҳмоналиев ҳамда Баҳром Турсуновлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишимиз жоиз. Улар - ногиронлиги бўлган ёшлар, бироқ ҳаётда уларнинг аниқ мақсади ва орзулари бор.  

[gallery-12208]

Достонбек санъатни севади, рубобда куй чалиш ва қўшиқ айтишга қизиқади. Миллий санъатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишни истайди. У шу пайтгача ўз чолғу асбобига эга бўлишни орзу қиларди.  

Наманган давлат университети масъуллари унинг бу орзусини ушалтирди. Унга рубоб чолғу асбоби совға қилинди. Достонбек бундай эътибор ва туҳфадан ниҳоятда қувонди.

Ифтихор маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Баҳром Турсунов ҳам ногиронлиги бўлган ёшлардан бири. Бироқ у доим ўз кучига ишонади. Ҳалол меҳнат қилиб, оиласига наф келтиришга аҳд қилган. Бу йўлда электр пайвандлашни ҳам ўрганган.  

Университет томонидан Б. Турсуновга электр пайвандлаш ускунаси тақдим этилди. Энди у ўз даромадига эга бўлади, ўз-ўзини иш билан банд этади.

Бириктирилган ёшлар орасида улар каби эътибордан руҳланган, ундан куч олаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Энг муҳими - ҳар бир йигит-қизнинг ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнини топиши. Наманган давлат университети раҳбариятининг бу мақсад йўлида барча имкониятларни ишга солаётгани янада қувонарли.

 

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА