Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини амалда таъминлаш кўзда тутилган.
Бу мақсадларга эришишда эса зарур ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, конституциявий ислоҳотларга зарурат сезилмоқда.
Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ташаббуси билан “Конституциявий ислоҳотларга ҳамнафас ёшлар” мавзуида
ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.
Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари ҳамда Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш қўмиталари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Ёшлар парламенти аъзолари, сенаторлар, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.
Давра суҳбатида мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясини жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштиришни тақозо этаётгани алоҳида айтиб ўтилди.
Бош қомусимиздаги ўзгаришлар “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада юксалтириш, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Давра суҳбатида Ёшлар парламентининг конституциявий ислоҳотлардаги иштироки масаласи муҳокама қилинди. Улар томонидан Конституцияни такомиллаштириш бўйича фикрлар билдирилди. Ёшлар бу жараёнда фаол бўлиши зарурлигига эътибор қаратилди. Ёшлар парламенти аъзолари айнан шу мақсадга қаратилган ишларни ташкил этишда ташаббускор бўлади.
Н.Абдураимова, ЎзА