English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар парламенти ёшлар масаласида депутатларга ёрдам бериши керак
14:29 / 2024-02-13

Парламент қуйи палатасининг мажлисида Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

– Ҳисобот даврида Ёшлар парламенти томонидан ёшларнинг мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокига кўмаклашиш, парламент ҳаётига жалб қилиш, ҳуқуқий онги ва саводхонлигини оширишга устувор вазифа сифатида қаралди, – деди Ёшлар парламенти раиси Шаҳноза Жолдасова. – Ўтган давр мобайнида Ёшлар парламенти томонидан ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этиш ҳамда қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилди. 2023 йилда Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган қонун лойиҳаларидан 21 таси юзасидан 455 та таклиф тайёрланган. 

Шунингдек, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг муҳим масалаларини ёшлар иштирокида муҳокама этишга, Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳамда сиёсий партиялар фракциялари фаолияти тўғрисида ёшларни кенг хабардор қилишга қаратилган 2 минг 210 та тадбир ўтказилди. 

[gallery-15948]

Ҳисобот йилида Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудлардаги учрашувлари, назорат-таҳлил тадбирлари ва сайловчилар билан мулоқотлари жараёнида Ёшлар парламенти аъзоларининг 61 маротаба бевосита иштирок этиши таъминланган. Ёшлар парламенти томонидан давлат органлари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, унинг 150 нафар аъзоси 21 та вазирлик ва идорага бириктирилган. Натижада ўтган даврда 13 та вазирлик ва идорада амалий учрашувлар ташкил этилган. 

2023 йилда хориждаги ёшлар, чет эл давлатларининг қонун чиқарувчи органлари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари билан ҳам ҳамкорлик кўлами сезиларли даражада кенгайган. Ёшлар парламент аъзолари 21 та халқаро тадбирда, шу жумладан 9 та хорижий давлатда ўтказилган анжуманларда иштирок этган. 

Мажлисда депутатлар Давлат дастури лойиҳасини такомиллаштиришда Ёшлар парламенти вакиллари қанча таклиф бергани билан қизиқди. 

– Ёшлар парламенти Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаларида бевосита иштирок этиб, regulation.uz порталининг ўзида таклифларини қолдиришди. Бундан ташқари фракциялар орқали 24 та таклиф тақдим этилди. Уларнинг асосий қисми ёшларга берилган имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган таклифлардир, – деди Ш.Жолдасова. 

Депутатлар ушбу тузилма мамлакатимизнинг парламентаризми соҳасида ўз ўрнини топиши ва том маънода, парламент ва ёшлар ўртасида кўприк вазифасини ўташи, қонунчиликни такомиллаштиришда фаол бўлиши кераклиги, берилган таклифлар шунчаки номига эмас, амалда натижа бериши, қонунчиликка киритилиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ёшлар парламенти вакиллари жамоатчиликка ахборот бериши, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда таклифлари, ўткир фикрлари билан "портлаб" чиқиши лозимлиги, ёшлар масаласида депутатларга ёрдам бериши керак айтилди. 

Муҳтарама Комилова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА