Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар парламенти ташаббуси: тўгаракларга ёшларни кенг жалб этиш керак
17:31 / 2024-02-24

Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ташаббуси билан “Маданият соҳасидаги тўгаракларга ёшларни жалб этишнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маданият соҳасида фаолият юритаётган тўгараклар ҳолати, муаммо ва камчиликларни аниқлаш, уларга ёшларни кенг жалб қилиш, бу борада мутлақо янги ёндашув яратиш борасида фикр алмашилди.

Ёшлар парламенти аъзолари ҳудудларда маданият соҳасидаги тўгараклар фаолиятини ўрганган. Бунинг натижалари ҳақида мажлисда қисқача ахборот берилди. Таъкидланганидек, Маданият вазирлиги тизимида 837 та маданият маркази фаолият олиб боради. Уларда 4 мингга яқин тўгарак ва 270 курс ташкил этилган бўлиб, қарийб 44 мингга яқин  ёшларни қамраб олган. Уларда 3 мингга яқин тўгарак раҳбарлари фаолият олиб боради.

“Мактабда маданият маркази” лойиҳаси доирасида умумий ўрта таълим мактабларида (маданият марказларининг ижодий ходимлари билан ҳамкорликда) 1 минг 377 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган.

Тадбирда Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда 325 та болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият олиб бормоқда. Уларда 14 йўналишда таълим бериш йўлга қўйилган бўлиб, 90 минг бола қамраб олинган. Мусиқа мактабларида 13 мингдан зиёд педагог фаолият олиб бормоқда.

Давра суҳбатидаги муҳокама ва савол-жавоблар натижасида маданият соҳасидаги тўгараклар фаолиятида эътибор қаратилиши лозим бўлган долзарб масалалар сақланиб қолаётгани қайд этилди. 444 та маданият маркази биноси, яъни 53 фоизи таъмирталаб, 165 тасига эса янги бино қуриш зарурлиги айтиб ўтилди.

Маданият марказлари биноларида етарли шароит йўқлиги ҳамда моддий-техник базанинг эскиргани оқибатида уларга болалар ва ёшларни жалб этиш кўрсаткичи пастлигича қолмоқда. Хусусан, марказларда ташкил этилган тўгарак ва курсларга 6-17 ёшгача бўлган болаларнинг бор йўғи 0,7 фоизи қамраб олинган. Мусиқа мактабларида бу борадаги қамров 1,2 фоизини ташкил этмоқда.

“Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонунда “Нутқ маданияти” курсларини ташкил этиш маданият марказларининг асосий вазифаси сифатида қайд этилган. Бироқ, Навоий, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида бу каби курслар фаолияти йўлга қўйилмаган.

Маданият марказларидаги тўгарак раҳбарларидан 20 фоизи, мусиқа мактабларида эса 42,5 фоизи олий маълумотли, қолганлари эса ўрта-махсус маълумотга эга.

Ёшларнинг тўгараклар борасидаги хоҳиш-истакларини аниқлаш ва таҳлил этишга доир ижтимоий сўровномалар тизимли тарзда ўтказилмагани танқид қилинди. Шунингдек, 13 та мусиқа мактабида мусиқа чолғулари етишмовчилиги мавжудлиги, хусусан, мактабларга доира, ғижжак ва най каби чолғуларни етказиб беришда муаммолар борлиги таъкидланди.

Муҳокамаларда маданият марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратилди. Хусусан, ҳукуматнинг тегишли қарори билан маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган давлат мулки объектларининг рўйхати тасдиқланган бўлиб, унда шерикликка бериладиган 139 та маданият марказининг рўйхати келтирилган. Бироқ, 2022–2023 йилларда марказларнинг бор йўғи 23 таси (16,5 фоизи) хусусий шерикликка берилган.

Сенаторлар томонидан бу йўналишда хусусий шериклик асосида ишни ташкил этиш сифатли тўгараклар фаолиятининг йўлга қўйилишига хизмат қилиши таъкидланди.

Давра суҳбати якунида муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди. 

 Н.Абдураимова, ЎзА