Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Отабек Собитов Бухоро давлат университети талаба-ёшлари билан учрашди ва Ёшлар парламентининг фаолияти, жумладан, ушбу Парламент аъзолари сайловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом ва сайловнинг саралаш босқичлари борасидаги маълумотларни тақдим этди.
Шунингдек, мамлакатимизда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар, хусусан, йигит-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг тадбиркорлик ва бошқа соҳалардаги имконият ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди. ЎзЛиДеПнинг Сайловолди дастурида ҳам ушбу масалаларга алоҳида урғу берилганлигини таъкидлади.

– Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши нафақат келажагимиз барқарорлигини таъминлашда, балки янги инновацион ғоялар ва илғор қарашларни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, партиямизнинг кейинги беш йилликка мўлжалланган Сайловолди дастурида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам бежиз эмас. Хусусан, уларни ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун касб-ҳунарга ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш ушбу дастурдаги муҳим йўналишлардан биридир, – дейди О.Собитов.

О.Собитов Бухоро давлат университетида яратилган шарт-шароитлар жумладан, Офис Регистратор, робототехника ҳамда Ахборот-ресурс маркази, Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти фаолиятини кўздан кечирди.
Бухоро давлат техника университетида ўтказилган учрашув чоғида ҳам кўплаб масалалар тингловчилар эътиборига ҳавола этилди. Парламентнинг бугунги ва келгусидаги долзарб вазифа ва мақсадлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ёшларнинг сиёсий ва ижтимоий жараёнлардаги иштироки, ёшлар парламенти ташаббуси билан мамлакатимиз қонунчилигига киритилган бир қатор ўзгартиришлар, умуман ушбу парламентнинг қонун ижодкорлигидаги ўрни бўйича тегишли фикр мулоҳазалар ҳам баён этилди.

Иккала олий таълим муассасасида ҳам талаба-ёшларнинг ўз танлаган соҳалари бўйича етук кадрлар бўлиб вояга етишишлари, жамиятимизда уларнинг ўз муносиб ўринларини топишлари учун барча шароитлар яратилганлиги эътироф этилди.
О.Собитовнинг Бухородаги ҳарбий хизматчилар билан ўтказган учрашуви чоғида дастлаб Ёшлар парламентининг фаолияти, мақсад ва вазифалари, шунингдек, ёшларнинг сиёсий ва ижтимоий жараёнлардаги иштироки ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Учрашувда ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, хусусида ҳам сўз борди. Ҳозирги глобаллашув шароитида ёшларни турли бузғунчи ғояларга жалб этиш тобора кучайиб бораётган бир пайтда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Когон туманидаги жазони ижро этиш муассасасидаги учрашувда маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди. Маҳкумлар учун мўлжалланган ошхона, у ердаги жараёнлар, таомнома ҳам назардан четда қолмади.
Маҳкумлар билан ўтказилган суҳбат чоғида мамлакатимизда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, хорижий мамлакатлардан қайтган фуқароларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, жамиятга мослашуви, ўзини-ўзи банд қилиши ва якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун яратилган зарур шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.