Бухоро давлат педагогика институтида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбир ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Ёшлар парламенти аъзоси Сирожиддин Пўлатов сўзга чиқиб, давлат раҳбари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик ва стартап ташаббусларини рўёбга чиқариши учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, имтиёзли кредитлар ажратиш, бизнес-инкубаторлар ташкил этиш, хорижий тил ва касб-ҳунарга ўқитиш, волонтёрлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича қатор янги дастурлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ёшлар парламенти аъзоси Сагина Зарифова ҳам маъруза қилиб, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, айниқса стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларни молиялаштириш, венчур жамғармалари орқали ёшлар ташаббусларини амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида тўхталди. У стартаплар ёшларнинг замонавий билим ва салоҳиятини намоён этиш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудлар иқтисодий ривожига ҳисса қўшишда муҳим омил эканини таъкидлади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири