Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг янги таркибдаги биринчи мажлиси аввалида партия фракциялари раҳбар ва вакиллари Ёшлар парламенти аъзолари билан учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси депутатлари партиядан Ёшлар парламентига сайланган 64 нафар ёшларга расмий гувоҳнома ва кўкрак-нишонларини топширди. Ана шундай юксак ишонч ва эътирофга сазовор бўлган ёшларга ишонч билдирилди. Ёшлар парламенти институти ёшларнинг келгусидаги фаолиятида пиллапоя бўлиши, қонун ижодкорлиги жараёнида ўзини намоён этишларига сиёсий майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Ёшлар парламентига "Миллий тикланиш" партиясидан сайланган ёшлар фракция раҳбари Алишер Қодиров билан учрашди. Партия етакчиси ёшларга келгусидаги иш жойи айнан Қонунчилик палатаси бўлишига ишонч билдириб, бунинг учун партия ғоя ва мақсад-вазифалари ҳаётийлигини таъминлашда фаол бўлиш лозимлигини таъкидлади. Учрашув якунида Ёшлар парламентидаги фракция раҳбари сайланди ва 29 нафар Ёшлар парламенти аъзоларига аъзолик гувоҳномаси, кўкрак нишони ҳамда партия рамзи туширилган эсдалик совғалари топширилди.

Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов партиядан Ёшлар парламенти аъзолигига сайланган 20 нафар йигит-қизлар билан мулоқот қилди. Фракция раҳбари мамлакат парламентида миллионлаб ёшларнинг вакили сифатида фаолият юритиш катта масъулият эканлигини таъкидлаб, Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига эришишда ёшлар гуруҳи ва фракция аъзоларининг доимий ҳамкорлиги муҳимлигини қайд этди. Партия ёшлар гуруҳи фаолиятининг дастлабки вазифалари белгилаб олинди.

Ёшлар парламентида “Адолат” социал-демократик партиясининг 21 нафар аъзодан иборат ёшлар гуруҳи фаолият юритади. Партия фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова бу фаол ва умидли ёшлар билан учрашувда ёшларнинг келгуси фаолиятини самарали йўлга қўйиш, уларга сиёсий майдонда зарур бўлган кўникма ва маслаҳатлар бериш орқали ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратди.

Учрашувда партия фракцияси аъзолари ҳам иштирок этиб, ўзларининг тажрибалари ва тавсиялари билан ўртоқлашди. “Адолат”чи ёшлар мамлакатимизда амалга оширилаётган қонун ижодкорлиги жараёнида бевосита иштирок этиб, ўз тенгдошларининг орзу-истакларини қонунчиликка татбиқ этиш, уларнинг конструктив ва инновацион таклифларини Олий Мажлисга етказиш орқали жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши, ташаббускор бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Учрашувларда Ёшлар парламентига партиялардан сайланган ёшлар гуруҳларига раҳбарлар сайланди. Ёшлар фракциялари олдидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ўз навбатида, ёшлар вакиллари ўзларига билдирилган юксак ишончга муносиб равишда ҳаракат қилишларини, тенгдошлари ҳуқуқ ва манфаатлари йўлида ташабббускор бўлишларини қайд этди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА