Бухорода мазкур шиор остида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг Республика III форуми ўтказилди.
Форум эрта тонгдан “Спортни сев – спорт билан яша” шиори остидаги югуриш марафони билан бошланди. Минг нафардан ортиқ кўнгилли ёшлар Бухоро шаҳридаги “Ситора” боғидан “Арк” қўрғонигача бўлган масофани босиб ўтди.
“Арк” қўрғонида югуриш марафони ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар махсус хизматларининг кўргазмали чиқишлари ва жанговар техника ҳамда қуроллари намойиши ўтказилди.
Форум қатнашчилари шу куни Бухоро нефть ва газ саноати коллежида ўтказилган ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бўш иш ўринлари ҳудудий меҳнат ярмаркасида ҳам қатнашди. Лаби Ҳовуз ансамблида эса тадбирнинг тантанали очилиш маросими ҳамда форум доирасидаги ёшлар билан учрашув ташкил қилинди. Бу ерда ёш рассом, мусиқачилар, “Тадбиркор ёшлар” уюшмалари, Инновацион ёшлар жамоат бирлашмасининг кўргазмалари ҳам ташкил этилди.
Форумда иштирок этган вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг таъкидлашича, жорий йил бошидан вилоятдаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 345 мингдан ортиқ ёшларнинг масалалари ўрганиб чиқилган. Улар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб 13 та шаҳар ва туманлар бўйича алоҳида Ёшлар дастури тасдиқланган. Бу дастурлар ижроси учун жами 411,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши ҳамда 805 минг 62 нафар ёшлар қамраб олиниши белгиланган. Айни пайтга қадар “Ёшлар дастурлари”нинг ижроси доирасида жами 111,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
[gallery-2681]
Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган 5 ой давомида 27 минг 707 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланган. Жумладан, 9 минг 270 нафари ишга жойлаштирилган. 1 минг 405 нафарига субсидия, 10 минг 91 нафарига 210,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит, 6 минг 941 нафарига 1 минг 774 гектар ер майдони ажратилган.
Йигит-қизларнинг 5 минг 88 нафари касб-ҳунар ҳамда тадбиркорликка ўқитилиб, сертификатга эга бўлган. Шу қаторда 8 минг 274 нафари “1+1” дастури доирасида тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилди ва бандлиги таъминланган. Жорий йилнинг ўтган даврида сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган 300 га яқин учрашувда ёшлар томонидан билдирилган 1 минг 200 дан ортиқ таклиф ва масалаларнинг аксариятини ҳал этишга эришилган.
Вилоят раҳбари ўз нутқида иқтидорли, бироқ ижтимоий-иқтисодий шароити оғир бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳокимлар томонидан жами 150 нафар ёшни оталиққа олиб, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари ва олийгоҳларда ўқишларига ёрдамлашиш ҳамда ишга жойлаштириш тизими йўлга қўйилганлигини ҳам алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишнинг долзарб масалалари ва келгусидаги вазифалар тўғрисида маълумот берди.
Тадбир доирасида мутасадди идоралар масъуллари ёшлар билан эркин мулоқот қилди. 200 нафардан ортиқ ёшлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар билан мутасаддиларга мурожаат қилди. Вилоят ҳокими ва ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан ёшларни қийнаб келаётган масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Ижроси назоратга олинди. Мурожаатлар ечими бўйича манзилли тадбирлар белгиланди.
Асосий эътибор ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касбга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш орқали ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилди.
Учрашувда ёшлар бандлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатган, йигит-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир вилоят санъат усталари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Ашула ва рақс ансамбли иштирокида концерт дастури билан давом этди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА