Ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси томонидан “Беш ташаббус олимпиадаси” нинг жорий йилги мавсуми “Ёшлар ойлиги”ни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг навбатдаги мавсумларида иштирок этиш учун beshtashabbus.uz. платформаси орқали 212 минг 729 нафар ёшлар электрон рўйхатдан ўтиб, 1-маҳалла босқичида 9 танлов ва оммавий спорт мусобақаларида жами 208 минг 617 нафар ёшлар иштирок этди.

– Олимпиаданинг вилоят босқичи жорий йилнинг 26 май кунидан бошланиб 10 июнга қадар давом этади, – дейди Агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Эгамов. – Мазкур босқичда 14 танлов ва оммавий спорт мусобақалари доирасида ғолибликни қўлга киритган 314 нафар ёшлар республика финал босқичида А, Б ва С лигаларида иштирок этади.
“Ёшлар ойлиги” доирасида ҳафталик амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Биринчи “Ҳарбий ватанпарварлик” ҳафталигида 8, иккинчи “Интеллектуал ўйинлар” ҳафталигида 11, учинчи “Спорт – саломатлик” ҳафталигида 11 ва тўртинчи “Маданият, санъат, туризм” ҳафталигида 10 лойиҳа ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ойлик доирасида шахмат бўйича барча ёш тоифалари бўйича ҳаваскор аёллар ва эркаклар ҳамда профессионал аёллар ва эркаклар ўртасида республика очиқ турнири ўтказилади.

Турнир 5 босқичда - 2-7 июнь кунлари маҳалла, 9-10 июнь кунлари сектор, 12-13 июнь кунлари туман (шаҳар), 15-17 июнь кунлари вилоят ва республика босқичи 30 июнь – “Ёшлар куни” арафасида Қизилтепа туманидаги “Тўдакўл” ҳавзасида бунёд этилаётган “Халқаро шахмат мактаби”да ўтказилади.
Ҳозирда Президентимизнинг 2022 йил 5 августдаги “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан 3,5 гектарга яқин ер майдонида жаҳон стандартларига жавоб берадиган 100 ўринли “Халқаро шахмат мактаби”нинг қурилиш ишлари якунига етказилмоқда.
Шахмат мактаби ҳудудида 100 ўринли ётоқхона, умумий овқатланиш, ўқув бинолари, меҳмонхона, автотураргоҳлар, 150 ўринли амфитеатр, баскетбол ва волейбол майдонлари, спорт зал, бассейн, тиббиёт пункти, вертолёт қўниш нуқтаси ва бошқа бир қатор объектлар мавжуд. “Ёшлар ишлари агентлиги кубоги” да иштирок этиш учун эса май ойида @uzshaxmatbot платформаси орқали вилоятдаги 330 маҳалладан 8 минг 600 нафардан зиёд иштирокчилар рўйхатдан ўтган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА