АОКАда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилган тадбирлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йилдан буён мамлакатимизда 30 июнь – “Ёшлар куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Жорий йилда ҳам июнь ойи республикада “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилиниб, унинг доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида “Беш ташаббус олимпиадаси”, рассомлар кўргазмалари, мушоира кечалари, вазирлик ва идора раҳбарлари, ҳокимлар, олий таълим муассасалари ректорларининг ёшлар билан очиқ мулоқотлари ташкил этилиб, 10 миллиондан ортиқ ёш қамраб олинди.
“Ёшлар куни” муносабати билан фаол ва иқтидорли ёшлар, танлов ва мусобақалар ғолиблари рағбатлантирилиб, ҳудудлар марказларида туман (шаҳар)лардан ташриф буюрган ёшлар иштирокида байрам тадбирлари ташкил этилди.
Халқаро миқёсда АҚШ, Хитой, Россия, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Польша, Туркия, БАА, Миср, Япония, Корея, Малайзия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Латвия, Литва, Эстония давлатларидаги ёш ватандошларимиз учун “Ёшлар форуми” ташкил этилди.
Глобал ёшлар фестивалининг “Ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорлик ҳафталиги” якуний сессиялари ўтказилди.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида июнь ойи давомида агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва ҳамкор вазирлик ва идоралар томонидан жами 14 мингдан ортиқ тадбир ташкил этилиб, мазкур тадбирларга жами 417 минг нафар ўқувчи-ёшлар жалб қилинди.
Жумладан, “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси”, “Мутолаа” лойиҳалари орқали 52 минг нафар ёш қамраб олинди.
Шунингдек, “Ёшлар туризми” ойлиги тадбирларига 20 минг нафар ёш жалб қилинди. Ўқувчилар ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинида 42 минг нафар ёш иштироки таъминланди.
Бундан ташқари, “Кураш” веб-сериали, “Бек ва Лола”, “Беруний саргузаштлари”, “Яшил макон” мультсериаллари намойиши ҳамда турли маданий тадбирларга 285 минг нафар ёш қамраб олинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА