Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида “Ёшлар ойлиги” доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида кенг кўламли маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Байрамона руҳда ўтган мазкур тадбирда шаҳар аҳолиси, фаол ёшлар, маҳалла етакчилари ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган меҳмонлар фаол иштирок этди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ҳамда агентлик директори Алишер Саъдуллаев иштирок этиб, йиғилганларни келаётган 30 июнь – Ёшлар куни билан самимий муборакбод этдилар. Шунингдек, ёшлар сиёсатини амалга оширишда фаоллик кўрсатаётган, ташаббускор ва масъулиятли меҳнати билан тенгдошларига намуна бўлаётган бир гуруҳ ёшлар Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлигининг ташаккурномалари билан тақдирланишди.
Тадбирнинг маданий қисмида таниқли санъаткорлар, профессионал рақс жамоалари ҳамда иқтидорли ёшлар иштирок этиб, Ватан, тинчлик, ёшлик ва миллий қадриятлар мавзусидаги жонли ижролари орқали томошабинларга самимий ва юксак руҳий кайфият улашди.
Гулистон давлат педагогика институтининг 3-босқич талабаси Шоҳжаҳон Ҳамдамов тадбир ҳақида ўз фикрини билдириб, шундай деди:
– Бундай маданий тадбирлар биз ёшларга куч-ғайрат ва янги мақсадлар сари интилиш учун руҳий озуқа бўлади.
[gallery-23867]
Ташкилотчилар таъкидлашича, “Ёшлар ойлиги” доирасида шунга ўхшаш тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида изчил равишда давом эттирилади. Бундай ташаббуслардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлодни маънавий жиҳатдан баркамол, ижтимоий фаол ва Ватан равнақи учун масъулиятли шахслар сифатида тарбиялаш, уларнинг иқтидор ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири