Пойтахтимизда “Ёшлар ойлиги” доирасида “Ёшлар овози” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
“Ёшлар овози – Бўзатов ФЕСТ” республика танлови Президентимизнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида берган топшириғи ҳамда кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнида белгиланган вазифалар ижроси асосида ташкил этилган.
[gallery-23763]
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда "Бўзатов — иқтидорларни кашф этади!" шиори остида ўтаётган танловнинг бу йилги мавсумида 300 мингдан ортиқ ёшлар 5tashabbus.uz ва телеграмдаги @YoshOvozBot орқали рўйхатдан ўтди.
Танлов маҳалла, сектор, туман (шаҳар), ҳудудий ва республика каби беш босқичдан иборат. Унда бахшичилик, анъанавий ижро, опера ҳамда эстрада йўналишида 3 та ёш (10-15 ёш, 16-22 ёш, 23-30 ёш) тоифасидаги ёшлар иштирок этди. Танловнинг республика босқичида ҳудудий босқичда сараланган 161 нафар иштирокчи ғолиблик учун бор имкониятларини намоён этишди.
Хусусан, анъанавий ижрочилик, эстрада ва опера йўналишида 42 нафар ёш ғолиблик учун беллашди. Ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар муносиб тақдирланди.
Гулноза Бобоева, Марварид Исроил (сурат), ЎзА