Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшлар овози” ғолиблари тақдирланди
16:21 / 2024-05-17

Бўзатов тумани марказий стадионида маданият ва санъат йўналиши бўйича “Ёшлар овози” Бўзатов FEST фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқларига мувофиқ ҳар йили “Ёшлар овози” Бўзатов FEST танловини ўтказишга қарор қилинди.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, иқтидорларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2024 йилги мавсумини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш ҳақида”ги баённомасининг 8-бандига мувофиқ “Ёшлар овози” танловини ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланган.  

Президентимиз раҳбарлигида 2019 йил 19 мартда Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларни ривожлантиришга қаратилган масалалар муҳокама қилинди ва соҳаларга тааллуқли 5 та муҳим ташаббус илгари сурилган эди. Мазкур беш муҳим ташаббус олимпиадаси доирасида “Ёшлар овози” танлови ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда. Танлов 3 та ёш тоифасида 4 та йўналиш бўйича санъатсевар ёшларни ўз атрофида жамламоқда.  

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Ёшлар овози” танлови 5 та босқичда (маҳалла-сектор-туман-ҳудудий-республика) ҳамда республика финал босқичи телевизион форматда ташкил этилмоқда. Ўз иқтидорларини намойиш этиш мақсадидаги 238 мингдан ортиқ ёш “YoshlarOvozi_bot” орқали электрон рўйхатдан ўтган бўлса, 16 минг ёш танлов ташкил этиладиган жойдан рўйхатдан ўтди.  

Танловнинг маҳалла босқичи 1-5 апрель кунлари республиканинг барча маҳаллаларида ташкил этилди. Ушбу босқичда жами рўйхатдан ўтган 238 минг 403 нафар ёш иштирок этди. Маҳалла босқичида ғолибликни қўлга киритган 57 минг 766 нафар ёш 6-10 апрель кунлари танловнинг сектор босқичида қатнашди. 11-16 апрель кунлари танловнинг шаҳар ва туман босқичларига йўл олган 2 минг 496 нафар ёшдан 1 минг 725 нафар ёш ҳудудий босқичга йўлланма олди.Танловнинг республика финал босқичига 158 нафар ёш йўлланмани қўлга киритди.  

Танловни ўтказишдан асосий мақсад ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий ғурур ва ифтихор, бағрикенглик, бунёдкорлик, меҳр-оқибат ғоялари руҳида тарбиялаш, бахшичилик, анъанавий ижро, опера, эстрада йўналишларида ижод қилаётган ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиши учун кенг йўл очиб беришдан иборатдир.  

Жорий йилнинг 11-15 май кунлари танловга ўзгача шукуҳ бағишловчи махсус павильонда “Бахшичилик”, “Опера”, “Анъанавий ижро” ва “Эстрада” йўналишлари бўйича танлов иштирокчилари иқтидорларини намоён этди. 16 май куни фестиваль иштирокчилари Бўзатов туманига ташриф буюрди.  

Туманда ташкил этилган миллий таомлар ва қадриятларимизни намоён этувчи кўргазмалар барча меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, фестиваль доирасида “Ёш бахшилар” танлови, “Заковат” турнири ва спортнинг волейбол туридан мусобақалар ўтказилди.  

Тадбир доирасида иштирокчилар ва меҳмонлар учун Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи, Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи ва Хўжайли туманидаги Гаурқалъа ёдгорлиги, Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”га саёҳат, маҳаллаларда маданий дастурлар ташкил этилди.  

Бўзатов тумани марказий стадионида ўтказилган ғолибларни тақдирлаш ва фестивалнинг ёпилиш маросимида “Ёшлар овози” танловининг республика финал босқичида ҳар бир йўналишнинг ҳар бир ёш тоифаси бўйича фахрли 1-ўрин ғолиблари 50 000 000 (эллик миллион сўм), 2-ўрин ғолиблари 30 000 000 (ўттиз миллион сўм), 3-ўрин ғолиблари 20 000 000 (йигирма миллион сўм) ва шунингдек, финал босқичда иштирок этган иштирокчилар 10 000 000 (ўн миллион сўм)дан пул мукофоти билан тақдирланди.

Фестиваль якуний гала концерти ва ғолибларни тақдирлаш маросимида ўзбек ва қорақалпоқ эстрада юлдузларининг чиқишлари, айниқса, тантана сўнгидаги мушакбозлик барчага қувонч ва кайфият улашди.  

Тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев иштирок этди.  

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири