Андижон шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг “Бўзатов иқтидорларни кашф этади” шиори остида ўтказилаётган “Ёшлар овози” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳалла ёшларининг мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида “Бўзатов иқтидорларни кашф этади” шиори остида ўтказилаётган “Ёшлар овози” танловида 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар бахшичилик, анъанавий, опера ва эстрада ижрочилиги йўналишида ўз иқтидорларини намойиш этди.
[gallery-23593]
– Андижон вилоятининг маҳалла босқичларида барча йўналишлар бўйича 40 минг 535 нафар ёш иштирок этди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Назирахон Убайдуллаева. – Танловнинг маҳалла, сектор, туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 165 нафар иштирокчи вилоят босқичида қатнашиб, ўзларининг истеъдод ва маҳоратларини синовдан ўтказди.
Танловнинг вилоят босқичи якуний натижаларига кўра, 10-15 ёшли иштирокчилар ўртасида Балиқчи туманидан Хонзодабегим Исмоилова, Қўрғонтепа туманидан Фарангиз Назарова, Олтинкўл туманидан Камола Олтинбекова, 16-22 ёшли иштирокчилар ўртасида Андижон шаҳридан Фаёзбек Усмонов, Қўрғонтепа туманидан Моҳларойим Иброҳимжонова, Шаҳрихон тумани вакили Бобурбек Икромов, Андижон туманидан Самандар Гулбоев, 23-30 ёшли иштирокчилар ўртасида Жалақудуқ туманидан Шоҳида Нурматова, Марҳамат туманидан Ҳотамжон Зокиржонов, Балиқчи туманидан Яҳёбек Акмалов, Марҳамат туманидан Рамазон Бойқўчқоров ўз йўналишлари бўйича ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди.
– Танловда ғолиб бўлиб, республика босқичига йўлланма олдим, – дейди танловнинг 16-22 ёш тоифасида анъанавий ижрочилик йўналиши иштирокчиси Моҳларойим Иброҳимжонова. – Танловнинг республика босқичида ҳам юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламан. Умуман, ушбу танлов менга ўз иқтидоримни кўрсатиш, катта саҳнада қўшиқ куйлаш, энг муҳими, кўплаб дўстлар орттириш учун имкон берди.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари