French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшлар овози” фестивали давом этмоқда
15:01 / 2024-05-14

Нукусда маданият ва санъат йўналиши бўйича “Ёшлар овози” Бўзатов FEST фестивалида ғолиблик учун баҳслар давом этмоқда.

Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ёш иқтидор эгалари бахшичилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишларида ғолиблик учун ўз маҳоратини намойиш этмоқда.  

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти М.Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артистлари М.Тошматов, И.Жалилов каби таниқли санъаткорлардан иборат ҳакамлар ҳайъати чиқишларни баҳолаб бормоқда.  

Бахшичилик йўналиши бўйича баҳслар Нукус шаҳрида жойлашган спорт мактабида қурилган махсус павильонда бўлиб ўтди. Танловда жами 3 ёш тоифасида 36 нафар иштирокчи ўзаро куч синашди.  

[gallery-17401]

Улар миллий достонлар ижроси бўйича ўз истеъдодини намоён этди. Якуний натижаларга кўра, қобилиятлилар ичида энг яхши дея баҳоланган 3 та ёш тоифаси бўйича 16 нафар иштирокчи танловнинг финалига йўлланмани қўлга киритди.  

Ёш бахшилар ғалаба учун биринчи қадамни босиб ўтди. Энди улар 15 май куни танловнинг финалида қобилиятини намоён этади.  

Опера йўналишида 3 ёш тоифасида 39 нафар иштирокчи баҳслашди. Бошқа йўналишлардан фарқли ўлароқ финал баҳслари бир кунда ўтказилди. Ғолиблар 16 май куни Бўзатов туманида бўлиб ўтадиган гала концертда эълон қилинади.

Шунингдек, иштирокчиларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказиш учун музейларга, Оролбўйининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, турли мавзуларда учрашувлар ташкил этилмоқда.  

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари