Доно халқимиз бир кун жанжал бўлган уйда қирқ кун барака бўлмайди, деб бежиз айтмаган. Ҳақиқатан, осойишталик бор жойда барака, ишда унум бўлади.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш масаласи ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга маҳаллий ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар зиммасига муҳим вазифалар юкланган. Улар буни бажариш бўйича турли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Шунга қарамай жиноятлар учраётгани, жиноят қилган шахсларнинг ҳар учинчисини ёшлар ташкил қилаётгани афсусланарли.
Буни Президент Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Фарғонада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида қайд этди.
Содир этилаётган жиноятларнинг 32 фоизи ўғрилик ва фирибгарлик ҳисобланади. Ушбу тоифадаги жиноятларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида қайд қилинган.
Вояга етмаганлар ичида ўта оғир жиноят содир этганлар ҳам борлиги, бу борада вилоятда ҳам, республикада ҳам энг ёмон аҳвол Қўқон шаҳрида экани кўрсатиб ўтилди.
Вилоятда вояга етмаганлар содир этган оғир жиноятларнинг 20 фоизи ва ўта оғир жиноятларнинг 43 фоизи айнан Қўқон шаҳрига тўғри келган. Жиноятга қўл урганлар орасида 47 нафар мактаб ва 18 нафар коллеж ўқувчиси борлиги барчамизни бирдек ташвишга солмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, жиноятни аниқлаш, унинг негизини топиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уни жиловлаш мутасаддиларнинг энг асосий вазифасидир.
Жиноятчига жазо беришдан кўра, унинг олдини олиш афзал. Бу йўналишда ҳамкорликни кучайтириш лозим. Жиноятчиликка қарши кураш нафақат ҳуқуқ-тартибот органларининг, балки барчамизнинг фаолиятимиз мезони бўлиши керак.
Фарзанд ниҳолга ўхшайди. Уни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Бунда, албатта, оила, маҳалла, таълим ташкилоти ва жамиятдаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ўзи, оиласи, халқи, маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят кўчасига қадам босмайди.
Ҳозирги кунда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни кучайтириш даркор.
Коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгиланган.
Маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний ёшлар тарбиясини “ҳаёт - мамот масаласи”, деб таърифлаган. Зеро, тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф бўлмайди. Ёшларнинг жиноятга қўл уриши тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.
Келажагимиз ёшларнинг қўлида эканлигини унутмаган ҳолда улар томонидан жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, эзгу ва бунёдкорлик ташаббуслари чиқишини, шундай ишлар амалга оширилишини таъминлаш учун барчамиз бирдек ҳаракатда бўлмоғимизи шарт.
Дилноза Хўжаева,
Қўқон давлат педагогика институти ректори.
ЎзА