Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар ўртасида халқаро теннис турнири якунланди
12:47 / 2025-09-20

Андижонда ёшлар ўртасида ATF 14&Under халқаро теннис турнири бўлиб ўтди.

Иштирокчиларга Осиё ва халқаро рейтинг очколарини тақдим этувчи ушбу турнирда мамлакатимиз, шунингдек, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларидан келган 40 нафар ёш теннисчилар қатнашиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.  

Турнирнинг қизлар, ўғил болалар ўртасидаги яккалик ҳамда жуфтлик мусобақалари қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.  

Ўғил болалар мусобақаси финалида мамлакатимиз вакили Азамжон Зиятов кореялик рақиби Эунхо Чои устидан  7-5, 6-2 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа ғолибига айланди. Ўғил болалар ўртасида учинчи ўрин юртдошимиз Артём Договоровга насиб этди.  

Ўғил болалар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида эса кореялик ёш теннисчилар Еунжун Чио ва Эунхо Чио жуфтлиги юртдошимиз Артём Договоров ва қозоғистонлик Алихан Темурбаев жуфтлигини енгиб ғолибликни қўлга киритди.  

Қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларда Қозоғистон вакиласи Аилин Бакиева юртдошимиз Мумтозбегим Акрамовани 6-4, 6-3 ҳисобида мағлубиятга учратиб, биринчи ўринни қўлга киритди. Қизлар ўртасида учинчи ўринга қозоғистонлик Аида Атагелдиева сазовор бўлди.  

Қизлар ўртасидаги жуфтлик баҳсларда юртдошларимиз Mумтозбегим Акромова ва Юлиана Eн жуфтлиги Екатерина Фомина ва Лайло Тўхтамишева жуфтлиги устидан 6-2, 6-1 ҳисобида устун келиб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. 

 

Мусобақа ғолиблари махсус статуэтка ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари