Ўзбекистон ёшлари коррупция ҳақида қандай билим ва тасаввурга эга? Улар бу иллатга қарши курашда ўз иштирокини қандай баҳолайди?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида “U-Report” платформаси билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида сўров ўтказди.
Натижалар шуни кўрсатдики, респодентларнинг 51 фоизи коррупциянинг моҳиятини тўғри тушунади. 81фоизи коррупциявий ҳолатлар ҳақида хабар беришга тайёр. 46 фоизи атрофдагилар пора олиш/пора беришига салбий муносабатда.
Сўровда иштирок этган ёшларнинг 81 фоизи Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга ёшларни жалб этишни коррупция даражасини пасайтиришга ёрдам беради, деб ҳисоблайди.
Ушбу сўров яна бир муҳим масалага аниқлик киритиб берди: бугунги кунда респондентларнинг 56 фоизи коррупцияга қарши курашишда иштирок этаётганини ҳис қилмоқда.
Респондентларни пора беришдан тўхтатадиган 4 та асосий сабаб: эътиқодга зид келиши – 26 фоиз; ноқонунийлик – 25 фоиз; қадриятларга/тарбияга зид эканлиги – 16 фоиз; жиноий жазодан қўрқиш - 9 фоизни ташкил этди.
Коррупцияга қарши курашиш учун масъул деб ҳисобланувчи идоралар бўйича ТОП-3 жавоблар: “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги” (33 фоиз); “Мен ўзим” (27 фоиз); “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари” (11 фоиз)дан иборат бўлди.
Агентлик ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ташкилот шу каби аниқ ва асосли натижаларга таянган ҳолда ёшларни коррупцияга қарши курашишга самарали жалб этиш кўламини кенгайтиришни мақсад қилган.
Н.Абдураимова, ЎзА