Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар ўртасида оммалашаётган спорт – Учинчи Ренессанс пойдевори асоси
05:28 / 2022-04-24

Муносабат

Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шу орқали миллат генофондини соғломлаштириб, ишончли тараққиётга йўл очишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётир. Бу борадаги ишлар Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида ҳам муттасил ва тизимли давом эттирилиши режалаштирилган. Жумладан, Тараққиёт стратегияси 67-мақсадида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқаролар сонини ошириш кўзда тутилган.

Алоҳида айтадиган бўлсак, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланадиган аҳоли улушини 33 фоизга етказиш, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш, “Яшил ҳудуд”ларда югуриш, велосипедда ҳаракатланиш учун “Саломатлик йўлаклари” ҳамда бадминтон, стритбол ва воркаут майдончаларини ташкил этиш, миллий олимпиада спорт ўйинларини ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш, олий маълумотли тренерлар улушини 85 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Бу борадаги чора-тадбирлар аллақачон бошлаб юборилган. Хусусан, йил бошидан буён Президентимиз жисмоний тарбия ва спорт соҳаси, соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга доир 2 та фармон, 5 та қарор имзолади, ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди, Олимпия шаҳарчаси қурилиши лойиҳаси билан танишди. Жойларга ташрифлар чоғида ҳам халқимизни оммавий спортга жалб қилиш масаласи доимий эътиборда турди. 

Мана шу борадаги чора-тадбирлар жорий йил 11 апрелдан янги босқичда давом этмоқда. Гап шундаки, шу куни Президентимиз “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу қарор ўзининг ҳаётийлиги, соғлом турмуш тарзига кенг йўл очиши, ёшларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини ошириши билан тарихий аҳамият касб этади. Бир сўз билан айтганда, ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш йўлида мамлакатда катта ҳаракат бошланди.

Қарорда оммавий спорт билан мунтазам шуғулланувчи оилаларга маҳаллалар ва истироҳат боғларида шароит яратиш, оилавий спортни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Бу механизм халқимиз учун қувончли янгилик бўлди. Негаки, ҳозиргача оилавий спорт билан шуғулланиш учун шароит ва имконият йўқ эди. Бори ҳам оммавий қуршаб олишга тайёр эмасди. 

Энди маҳаллаларда, соя-салқин боғларда шундай шароит бўлади. Бу оилаларда соғлом муҳит шаклланиши, ҳамжиҳатлик бўлиши, касалликлар камаяшига олиб келади Президент қарори билан аҳолининг кенг қатлами орасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш тадбирларининг ҳам ҳуқуқий асослари белгиланди.

Жумладан, ёшлар ўртасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли, олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ўтказилиши ҳам катта хурсандлик билан кутиб олинди.

Беш босқичли мусобақалар кўчалараро маҳалла, маҳаллаларо сектор мусобақалари, унда ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар), кейин вилоят, ниҳоят, маҳалла жамоаларининг республика беллашувлари қандай яхши. 

Биринчи босқич – 10-25 апрель кунлари кўчалараро ўтказилади. Унда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар саралаш босқичи ғолиблиги учун курашади. Мусобақалар якунида спорт турлари бўйича ҳар бир маҳалланинг терма жамоаси шакллантирилиб, улар кейинги босқичда иштирокини давом эттиради.

Иккинчи босқич – 1-10 май кунлари бўлиб ўтади. Унда ҳудудлардаги маҳаллалар ўртасида сектор мусобақалари ташкил этилади.
Учинчи босқич – 15-25 май кунлари ташкил этилади. Яъни, секторлар босқичида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар) босқичи бўлиб ўтади.

Тўртинчи босқич – 1-10 июнь кунлари туман миқёсида ғолиб чиққан маҳалла жамоалари ўртасида ҳудуд чемпионлиги ҳамда республика босқичи йўлланмаси учун ўтказилади.

Бешинчи босқич – 15-25 июнь кунлари бўлиб ўтади. Унда ҳудудларда ғолиб ва совриндор бўлган маҳалла жамоалари ўзаро мусобақалашади.

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 7-10 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида “Қувноқ стартлар” мусобақаси ҳамда шахмат-шашка бўйича ҳам баҳслар ташкил этилади. Ушбу ёш тоифасидаги мусобақалар маҳалла босқичи билан якунланади.

Эътибор беринг, қарорда ҳар икки мусобақанинг ҳам молиявий манбаси аниқ кўрсатилган. Бу ҳам мусобақаларнинг оммалашишига муҳим асос бўлади.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида аҳолини оммавий спортга жалб қилиш орқали йиллик қамровни ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Кейинги йилларда 70 дан зиёд жисмоний тарбия ва спорт муассасасини қуриш, барча боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлаш, туман марказлари ва шаҳарларда махсус пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этиш режалаштирилган. Шу кунларда бу чора-тадбирлар бошлаб юборилган ва жадал давом этмоқда.

Кейинги икки йилда мамлакатимизда спорт билан шуғулланадиганлар сони икки баробар кўпайди. Юртимиз спортчилари турли халқаро мусобақаларда мингдан зиёд медалларга эгалик қилди. Уларнинг 400 дан ортиғи олтин медалдир.

Бу рақамларни келтиришимизга сабаб бугун Ўзбекистонда шундай бир куч пайдо бўлдики, шундай илғор ва шиддатли тараққиёт оғушидамизки, унинг асосини истаймизми, йўқми, барибир соғлом турмуш тарзи оммалашгани билан изоҳлаймиз. 

Президентимизнинг тарихий аҳамиятли қарори билан болалар-ўсмирлар спорт мактаби директорининг оммавий спортни ривожлантириш ва селекция бўйича ўринбосари лавозими жорий этилмоқда. Беш ва уч босқичли мусобақалари давомида ғолиб ва совриндор ёшларни тарбиялаган мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, спорт таълим муассасалари мураббийлари малака аттестациясига жалб этилмайди, шунингдек, уларга белгиланган тартибда малака тоифаси берилади.

Бундан ташқари, энди ҳокимлар ҳам бевосита маҳаллаларга тушиб, спорт ислоҳоти билан шуғулланади. Чунки қарорда ҳудудларда ташкил этиладиган бошқа спорт мусобақалари туман (шаҳар) ва вилоят босқичи ғолиблари учун ҳоким совринини таъсис этиш белгиланган. Бир сўз билан айтганда, ёшлар ўртасида оммалашаётган спорт мусобақалари, кун келиб, яқин келажакда, янги Ўзбекистонни ривожлантириш ва Учинчи Ренессанс пойдеворига мустаҳкам асос қўйиш йўлидаги залворли қадамлардан бирига айланиши шубҳасиз.

Қобилжон УСМАНОВ, 
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети 
Теннис, бадминтон назарияси ва услубияти кафедраси мудири.
ЎзА