English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар ўртасида коррупциянинг олдини олиш бўйича қилинган ишлар хусусида маълумот берилди
15:46 / 2025-12-22

Ёшлар ишлари агентлигида коррупцияга қарши кураш дастури доирасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

Унда Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодиржон Абдуқодиров агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳар бўлимлари, шунингдек, маҳалла даражасидаги тузилмалар томонидан жорий йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар хусусида маълумот берди.

Хусусан, ҳисобот даврида марказий аппарат ходимлари ўртасида коррупцияга қарши ҳуқуқий билим ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилган 15 та ўқув-тренинг ҳамда 12 та семинар ташкил этилиб, уларда 97 нафар ходимнинг барчаси тўлиқ қамраб олинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул ходимларга аниқ вазифалар белгиланди.

Мазкур ўқув машғулотлари давомида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бартараф этиш механизмлари, давлат харидлари жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, молиявий интизомни мустаҳкамлаш масалалари батафсил ёритилди. Ходимлар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқотни кучайтириш мақсадида 10 та коррупцияга қарши тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Агентликнинг 14 та ҳудудий бошқармасида коррупцияга қарши курашиш бўйича тадбирлар тасдиқланган ягона режа асосида олиб борилди ҳамда жойларда ҳуқуқий саводхонликни оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, ҳисобот даврида ҳудудий бошқармаларда 220 та ўқув-тренинг ташкил этилиб, уларда 4 500 нафар ходим иштирок этди.

Мазкур тадбирлар ҳудудий даражада коррупцияга қарши курашиш бўйича очиқликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда ёшлар ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини шакллантиришга хизмат қилди. Маҳаллаларда коррупцияга қарши курашишнинг қуйи бўғини сифатида ёшлар етакчиларининг фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, 3 минг нафар ёшлар етакчиси коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ўқув-тренинглардан ўтказилди. Ёшлар етакчилари ташаббуси билан 500 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, улар орқали 60 минг нафарга яқин ёшлар ва фуқаролар қамраб олинди.

Мазкур ишлар коррупцияга қарши курашиш жараёнини бевосита маҳалла даражасигача тушириш, ёшлар орқали жамиятда ҳалоллик ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тизимда коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, уларни баҳолаш ҳамда самарали бошқариш мақсадида ҳисобот даврида марказий аппарат ва ҳудудий бўғинлар кесимида тизимли таҳлил ишлари амалга оширилди. Мазкур жараёнлар Агентликда шаффофликни таъминлаш, ички назорат механизмларини мустаҳкамлаш ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга қаратилди.

2025 йил якунларига кўра, Ёшлар ишлари агентлиги тизимида манфаатлар тўқнашувини декларациялаш бўйича умумий қамров даражаси 97 фоизни ташкил этди.

Ёшлар ишлари агентлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган мониторинг, ички аудит, комплаенс назорати ҳамда келиб тушган мурожаатлар ва хабарлар асосида ҳисобот даврида аниқланган қоидабузарликлар чуқур таҳлил қилинди. Ушбу жараёнларда асосий эътибор коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва қонунийликни таъминлашга қаратилди.

Ҳисобот даврида республика бўйлаб 9 008 та маҳаллада коррупцияга қарши тарғибот ва маърифий тадбирлар ташкил этилиб, улар орқали 1 080 960 нафар ёш қамраб олинди. Ушбу тадбирлар маҳалла даражасида аҳолига яқин, тушунарли ва амалий шаклларда ўтказилиб, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда коррупциянинг салбий оқибатлари ҳақида хабардорлигини кучайтиришга хизмат қилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА