Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Ёзувчилар уюшмаси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Мушоира” танлови ғолибларининг ижодий ишлари тўплами – “Ёшлар мушоираси” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китоб 170 яқин ёшнинг ижод намуналаридан тартиб топган гулдаста.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида мамлакатимизда илгари сурилаётган Беш ташаббус олимпиадаси доирасида Республикамизнинг барча ҳудудларида “Мушоира” танлови ўтказилди. Унда ўз машқлари билан иштирок этган ижодкор ёшларнинг кўплиги қувонарли эди.
Ушбу танловнинг ҳудудий босқичларида ўз ижодий ишлари билан қатнашган ёшлар шеърлари мазкур баёздан жой олган.
Баёзни мухтасар қилиб, ёшларнинг кўнгил битиклари битилган дафтар ҳам дейиш мумкин.
Андижоннинг Жалақудуқ туманидан бўлган Бибисора Махамадованинг “Ватан” ҳақидаги шеъридаги ушбу сатрларга эътибор беринг:
Саждагоҳим, хуморингда титрар юрак,
Менга асло ярашмайди сохта севмак.
Юракларда яшолмасам чалманг қарсак,
Дилларимда жаранглайди Ватан мадҳи.
Шу жарангнинг оҳангида адо бўлай,
Гар қоқилсанг, мададкоринг асо бўлай.
Ёноғингда минг тирилиб бир бор ўлай,
Дилларимда жаранглайди Ватан мадҳи...
Қизилтепалик Маржона Йўлдошеванинг “Аскарлар қўшиғи” шеъридаги ушбу байт ҳам юракларда акс-садо бериб туради:
Эрк, деганда бунда келмас ўзи эрк,
Ёвлар учун чегарамиз мудом берк,
Озод юртда тўй, байрамлар бўлар кўрк,
Шу юрт учун ўлимга ҳам келсак тик.
Тинчлик эрур тилагимиз ягона,
Узилмасин ҳалқаларинг бир дона,
Полсбондирмиз, уйғоқдирмиз тун-кун,
Огоҳлик – бу осудалик нишони...
“Ёшлар мушоираси” баёзини ўқинг. Ёшларимизнинг қалб овозига қулоқ тутинг.
ЎзА