Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни шаффоф ҳолда адолатли кўриб чиқиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “1093” ишонч рақами фаолияти йўлга қўйилди.
Хўш, мазкур қисқа рақамлар орқали қандай муаммолар ҳал қилинмоқда, қанча мурожаатлар қабул қилинди?
– Жуда кўп ёшларимиз ўзининг мурожаатларини қайси тизимда қолдиришни билмасди ва бу уларнинг кўпчилигига муаммо туғдирарди, –деди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. – Мазкур тизимини ишга тушурганимизга ҳали ҳеч қанча вақт ўтмасдан ёшларимиз биз билан телефон орқали 2 минг 85 соат мулоқот қилди. Шу кунга қадар 54 минг 685 марта қўнғироқ бўлди. Бу “Call-markaz” куну тун – узлуксиз фаолият кўрсатади.
Ишонч рақами орқали асосан тадбиркорлик ва имтиёзли кредит, бандлик ва ишсизлик, ижтимоий ҳимоя, таълим йўналиши ва контракт масаласи, ёшлар уйлари, ёшлар кафиллиги ва бошқа йўналишдаги масалалар бўйича мурожаатлар бўлмоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар, жумладан, “Facebook”, “Instagram” “Telegram” ва “Messenger” орқали ҳам ёшларимиз учун тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Агентлик тизимида Ёшлар мурожаатлари штаби фаолияти йўлга қўйилиб, ёшлар мурожаатларини кунлик таҳлил қилиш ва ижросини жойига чиққан ҳолда манзилли ўрганиш тизими йўлга қўйилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА