Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан мактаблардаги ёшлар етакчилари штат бирликлари қисқартирилиб, унинг ўрнига республикадаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.
Шунга кўра, мамлакатимиздаги қарийб 10 мингга яқин маҳаллада минглаб ёшларимиз иш билан таъминланди. Ҳозирги кунда эса уларга маҳалладаги хонадонлар сонига қараб, 4 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача маош тўланади. Ҳар чоракда энг илғор 100 нафар етакчи эса бир ойлик маошга тенг пул мукофоти ҳамда “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.
Маълумки, Ўзбекистон умумий аҳолисининг 62,8 фоизини ёшлар ташкил этади. Бугунги кунда турли зарарли ғоялар таъсирига тушган, онлайн қимор ўйинларига берилган ёки умрини бесамар ўтказаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Уларни таълим ва касб-ҳунарга йўналтириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишини ташкил қилиш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш энг асосий масала. Шунинг учун ҳам маҳаллаларда ёшлар етакчиларига эҳтиёж сезилмоқда. Уларнинг зиммасидаги асосий вазифа ўз маҳалладошлари, дўстлари, ўртоқларини тўғри йўлга бошлашдир.
Бу борада яхши натижа кўрсатаётган етакчилар давлат эътиборидан четда эмас. Хусусан, 2022-2023 йиллар давомида 220 нафар ёшлар етакчиси юқори лавозимларга ишга ўтган. Яна 11 нафар етакчи давлат мукофотлари билан тақдирланди, 210 нафари миллий захира кадрлар сафига киритилди.
Ўз навбатида, ёшлар етакчилари иштирокида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Жумладан, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш учун 224 минг нафар ёшга қарийб 5,2 триллион сўм кредит ажратилди.
Мисол учун, Самарқанд вилояти Нуробод тумани Сазаған маҳалласида яшовчи Фурқат Каримов ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида ушбу лойиҳа доирасида 300 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи олиб, мебель ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган. Бугунги кунда 8 нафар маҳалла ёшларининг доимий бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, ойлик айланма маблағ ҳажмини 100 миллион сўмга етказган.
Шунингдек, ёшларни қишлоқ хўжалигида банд қилиш учун 254,6 минг нафар ёшга 66,3 минг гектар экин майдони ажратилди.
Хоразм вилояти Янгибозор тумани Шоирлар маҳалласида яшовчи Оғабек Юлдашев “Ёшлар дафтари”га киритилган. Унга “Е-аuksion” орқали 30 сотих ер майдони ажратилган. Бугунги кунда ушбу ер майдонига помидор экиб 3,5 тонна ҳосил олишга, 14 миллион сўм даромад қилишга эришди.
Шу билан бирга, ёшларнинг ижтимоий муаммосини ҳал этиш ва бандлигини таъминлаш учун 525 минг ёшга “Ёшлар дафтари”дан 892 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди, 97 минг нафар талабага 275 миллиард сўм контракт маблағлари тўлаб берилди. Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши ҳамда ўзини ўзи банд қилиши учун 55,5 минг нафарига 150 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар ва меҳнат қуроллари ажратилди, 13 минг нафар йигит-қиз ҳайдовчиликка ўқиши учун 12 миллиард сўм харажат қоплаб берилди.
Жумладан, Тошкент вилояти, Зангиота туманида яшовчи Назар Интимоқовга ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун компьютер жамланмаси олиб берилган. Бугунги кунда у автомобилларнинг яроқсиз шиналаридан болалар учун ўйинчоқлар ва кўргазма қуроллари ясаш фаолиятини йўлга қўйиб, айни вақтда 7-8 миллион сўм даромад олишга эришмоқда.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ёшлар етакчилари тизими йўлга қўйилгани ёшларнинг мурожаатларини маҳалланинг ўзида ҳал этиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда.
Ёшлар етакчилари лавозимини жорий этиш орқали “Ёшлар баланси”, “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига маҳалладаги ҳар бир ёшнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда саломатлик ҳолати юзасидан маълумотлар доимий киритилиши имкони яратилгани ёшлар муаммоларини ўрганишда қўл келмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА