Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар муаммолари назоратга олинди
17:51 / 2025-07-16

Сирдарё вилоятида ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги ўрганиш ишлари амалга оширилди. Масъуллар томонидан ҳудудлардаги муаммолар ўрганилиб, самарали ечимлар бўйича аниқ тавсиялар берилди.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ҳамда ёшлар масалалари бўйича масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор ёшларнинг бандлигини ошириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Таъкидланишича, вилоят ва туман даражасида ёшлар бандлиги бўйича ишлар самарадорлигида сусткашлик ҳолатлари кузатилмоқда. Бу борада масъулларга нисбатан зарур чоралар кўриш юзасидан топшириқлар берилди. Шу билан бирга таълим муассасалари билан маҳалла раислари, ёшлар етакчилари ва ҳоким ёрдамчилари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

"Сирдарёни ёшлар ишсизлигидан холи ҳудудга айлантириш, барча ёшларни даромадли меҳнат билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш лозим", дейилди йиғилиш якунида.

Республика ишчи гуруҳи аъзолари, жумладан, Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бир қатор маҳаллаларда ёшлар билан бевосита учрашиб, уларнинг фаолиятини ўрганди. Ер майдонларидан самарали фойдаланаётган, чет тилларини ўрганаётган ёшлар билан мулоқот чоғида фаолиятни кенгайтириш ва қўшимча имкониятлар яратиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Ҳудудларда ёшларга ажратилган ер майдонларидан фойдаланиш ҳолати ҳам ўрганилди. Ушбу ташаббус Президентимизнинг 2024 йил 12 июндаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган. 

Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттаханова Мирзаобод туманидаги “Дўнгариқ” маҳалласидаги “Ибрат фарзандлари” ўқув маркази фаолияти билан танишди. Марказда 100 нафарга яқин ёшлар инглиз, рус, корейс ва немис тилларини ўрганмоқда. Ташриф доирасида “Боғистон” маҳалласи ёшлар етакчисининг фаолияти ҳам ўрганилиб, самарадорликни янада ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилаётган мазкур ўрганишлар ҳудудларда ёшлар билан ишлашда янги ёндашувларни жорий этиш, муаммоларни аниқ ва манзилли ҳал этиш орқали ёшларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири