Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилмоқда.
Унга кўра, ҳудудларни индикаторлар асосида рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган. Ушбу методикада ҳудудлардан индикаторларга мувофиқ олинган статистик маълумотлар махсус ишлаб чиқилган формула орқали инсон омилисиз ҳисобланиши белгиланган. Рейтинг баҳолашда асосан энг юқори натижа кўрсатган учта ҳудуд раҳбари ҳамда уларнинг ёшлар масалаларига масъул бўлган ўринбосарларини моддий ҳамда маънавий рағбатлантирилади. Ғолиб бўлган ҳудудларда спорт турларига ихтисослашган заллар, беш муҳим ташаббус бўйича тўгараклар, ёшларга маиший хизмат кўрсатиш объектлари ва ҳаммомдан иборат кўп функцияли ёшлар комплексларини барпо этиш белгиланмоқда.
Сенатнинг бугунги ялпи мажлисида ушбу рейтинг тизимини жорий этиш борасидаги ишлар юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, рейтинг баҳолашга доир маълумотларнинг марказлашган электрон тизимини жорий этиш бўйича yoshlarportali.uz – Ёшлар портали платформаси жорий қилинган. Ёшлар муаммоларини маҳаллабай механизми асосида тизимли бартараф этиш бўйича «Ёшлар баланси»ни шакллантириш, «Ёшлар дафтари»ни юритиш ва «Ёшлар дастури»ни амалга ошириш йўналиши белгилаб олинган.
Ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолатини баҳолаб бориш бўйича «Ёшлар дафтари» электрон платформаси ишга туширилган. Хатлов натижаларига кўра республика бўйича 8,4 миллиондан ортиқ ёшлар тўғрисидаги маълумотлар асосида «Ёшлар баланси» шакллантирилган.
Шунингдек, республикада мавжуд 9 минг 348 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилган. Ёшлар етакчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) бўйича электрон баҳолаш механизми йўлга қўйилиб, амалга оширилган ишлар 5 та босқичда маҳалла – сектор – туман (шаҳар) – вилоят – республика даражасида тегишли соҳалар кесимида рейтинг баҳолаб борилмоқда.
Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши зарур бўлган айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, Ёшлар ишлари агентлигининг қуйи тузилмалари томонидан индикаторлар асосидаги рейтинг баҳолашга доир маълумотларни умумлаштириш ҳамда уларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига тақдим этиш ишлари қониқарсиз. Рейтинг тизимига масъул вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ўртасидаги ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмагани оқибатида ўзаро номутаносиб маълумотлар шаклланиб, ёшларга оид аниқ ва тўғри статистика юритилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, ҳудудларда рейтинг тизими асосида туман ва шаҳарлар орасидан ғолибларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш ишлари якунига етказилмаган.
Муҳокамалар якунида юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган Сенат қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА