Ҳар бир ёш авлод ўз қобилиятини ривожлантириши, орзу-мақсадларига етиши учун шарт-шароитлар етарли. Мамлакатимизда ёшлар барча соҳада қўллаб-қувватланяпти. Бу эса уларнинг фаол ва ташаббускор бўлишига замин яратмоқда.
Миллий гвардия тизимида ҳам ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллий гвардия томонидан ўтказилаётган “Ёш гвардиячилар”, “Ёшлар билан очиқ мулоқот”, “Мен – ватан ҳимоячисиман” каби тадбирлар ёшларда Ватанга садоқат, фидойилик ва жавобгарлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Ёшлар ойлиги якунларига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ёшлар ойлиги ва юртимизда давом этаётган “Долзарб 90 кун” тадбирларининг ёшлар ҳаётида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтилди.
— Бугунги тадбир мен учун жуда фойдали бўлди. Ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг ҳуқуқий билими ва жамиятдаги ўрни ҳақида кўп янгиликлар олдим,— дейди Жамоат хавфсизлиги университети курсанти Мухлиса Садирова. — Бу каби учрашувлар биз курсантлар учун ҳам мотивация, ҳам масъулият манбаи ҳисобланади. Биз ҳам келажакда мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлиги учун муносиб хизмат қилишга интиламиз.
Шунингдек, тадбир давомида “Ёшлар куни” байрами муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва бир гуруҳ ёшлар кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Тадбир сўнгида Миллий гвардия Ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг концерт дастури ёшлар учун армуғон этилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FVAlA6IajIs" title="Yoshlar manfaati – davlat va jamiyat e’tiborida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, ЎзА