Гулистон давлат педагогика институти ҳамда Гулистон давлат университети ҳамкорлигида “Глобаллашув шароитида ёшлар маънавияти” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Тадбирда глобаллашув жараёнларининг ёшлар онги ва дунёқарашига кўрсатаётган таъсири, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этиб, глобаллашувнинг инсон ҳаётига таъсири ҳақида фикр алмашдилар.
– Маънавият миллатнинг руҳи, унинг маъно ва мазмунини белгилайдиган кучдир, – дея таъкидлади анжуманни очиб берган ГулДПИ проректори Хилола Маматова. – Ёшлар онгида миллий ғурур, фуқаролик масъулияти ва қонунларга ҳурмат туйғусини кучайтириш орқали жамиятда барқарор маънавий муҳитни шакллантириш мумкин.
ГулДУ профессори Равшан Маҳмудов ўз маърузасида глобаллашувнинг ижобий ва салбий жиҳатларига тўхталар экан, ёшлар маънавиятини муҳофаза қилишда билимли ва фаол жамоат фикрининг ўрни катта эканини таъкидлади:
– Бугунги ахборот асрида ёшлар турли мафкуравий оқимлар таъсирига тушиши мумкин. Шу сабабли уларда танқидий фикрлаш ва маънавий иммунитетни шакллантириш, миллий ғояга садоқатни мустаҳкамлаш ҳар бир таълим муассасаси олдида турган долзарб вазифадир. Миллий қадриятлар замонавий тараққиётдан орқада қолиши мумкин эмас, балки унинг маънавий асосини ташкил этиши лозим, – деди профессор Равшан Маҳмудов.
Анжуман давомида ГулДУ доцентлари С. Исмоилов, М. Олимова, катта ўқитувчи Ғ. Аманов, ГулДПИ катта ўқитувчилари Й. Каримов ва А. Мансуров, шунингдек, ўқитувчи О.Т ўрабоевлар маънавият ва таълим масалалари юзасидан ўз илмий тезислари билан иштирок этишди.
Тадбир якунида ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда мазкур йўналишда икки таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири