Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар мамлакатимизнинг энг катта бойлиги
09:39 / 2024-06-19

Бухоро шаҳрида секторлар раҳбарлари ёшлар билан учрашди. Унда ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва муаммолар ўрганилди. Қизиқишлари, келгусидаги режалари ҳақида фикр алмашилди. Учрашувда 400 нафардан зиёд ёшлар қатнашди.

Ўзаро мулоқот давомида Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов бугунги кунда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси сифатида бухоролик йигит-қизлар қўлга киритаётган муваффақиятлар ҳақида гапирди. Улар мамлакатимизнинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси эканлигини таъкидлади. Ҳаётда эндигина ўз йўлини излаётган, ҳар бир имкониятга умид билан қараётган ёшларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Уларга ўз таклиф ва тавсияларини берди.

Учрашувдан сўнг, тадбирнинг иккинчи қисми бошланди. 2023-2024 йилларда умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медаллар билан тамомлаган ўқувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Жорий ўқув йилида Бухоро шаҳридаги умумтаълим мактабларини 3438 нафар ўқувчи тамомлаган. Уларнинг 209 нафари олтин, 8 нафари кумуш медал соҳибига айланди. Тантанали тақдирлаш маросими ҳаяжонларга бой кечди. Бухоро шаҳар секторлар раҳбарлари томонидан медаллар ўз эгаларига топширилди.

– Бугун юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урилмасин, аввало, эртамиз эгалари ёшларга, баркамол авлод эгалари куч-ғайратига, азму шижоатига суянилаётгани ўз самарасини бермоқда, –дейди Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов. – Бугун қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда фидойи ва ватанпарвар ёшлар мамлакатимиз Президентига камарбаста бўлиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. 

Бинобарин, ҳар бир инсон келажагини ўз қўли, иқтидори ва истеъдоди билан яратади. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ўғил-қизларимиз халқимизнинг олтин фонди, Учинчи Ренессанс бунёдкорларидир. Янги Ўзбекистоннинг келажаги ҳисобланган бундай фидойи, билимли, зукко ва ватанпарвар ўғил-қизларимиз барчага намуна бўлади”.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.