Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларни ҳал этиш, ўз имконият ва салоҳиятларини юзага чиқаришларига кўмаклашиш, доимий даромад манбаини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирда Андижон вилояти аҳолисининг 1 миллион 855 минг нафарини ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Андижонда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар эшиги очилган[PT1] . Йил бошидан вилоятдаги маҳаллада ёшлар етакчилари томонидан хатлов ўтказилиб, ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир маҳалла бўйича “Ёшлар бандлик дастур”лари ишлаб чиқилди.
– Жорий йилнинг биринчи яримида 23 минг 822 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Aндижон вилояти бошқармаси бошлиғи Акмалжон Тангирқулов. – Хусусан, уларнинг 7 минг 130 нафари корхона, ташкилот ва муассасалардаги доимий иш ўринларига жойлаштирилди, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган 3 минг 681 нафар ёшга кредит ажратилди, 12 минг 545 нафар ёшлар турли соҳаларда ўзини-ўзи банд қилди. Бундан ташқари, деҳқончилик қилиш истагидаги ёшларга ижара асосида ер майдонлари, турли жиҳозлар харид қилиш учун субсидиялар ажратилди, яна бир гуруҳ ёшлар қонуний тартиблар асосида хорижга ишга юборилди.
[gallery-24446]
Андижонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, вилоятда фаолият олиб бораётган жами тадбиркорлик субъектларининг 215 минг 15 таси, якка тартибдаги тадбиркорларнинг 5 минг 787 нафарини 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар ташкил этади. Бундан ташқари, юридик шахс сифатида фаолият олиб бораётган вилоятдаги жами тадбиркорлик субъектларининг 29 минг 553 тасига ёшлар раҳбарлик қилиб келмоқда.
– Корхонамизда жорий йилнинг биринчи яримида 180 минг донадан зиёд аёллар, болалар трикотаж маҳсулотлари тайёрланди. Ҳозирда корхонада 80 нафарга яқин киши меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Маҳсулотимиз асосан, ички бозорда сотилмоқда. Шу кунларда россиялик ҳамкорлар билан экспорт бўйича шартнома имзоладик. Насиб этса, сентябрь ойидан маҳсулотларимизни экспорт қила бошлаймиз, – дейди Марҳамат тумани, Гулистон маҳалласида жойлашган “Райёона-текстиль” масъулияти чекланган жамият раҳбари, тадбиркор Шоҳруҳбек Ҳалимжонов.
Жумладан, вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 8 минг 979 нафар ёшга 126,9 миллиард сўмлик имтиёзли кредит берилди. “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида эса 2 минг 766 нафар ёшга 71,6 миллиард сўм кредит ажратилди.
– “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида банк кредити ҳисобига тўртта тикув машинаси сотиб олиб, хонадонимда ўз тадбиркорлигимни бошлаганман, – дейди Пахтаобод тумани Муаззинбой маҳалласида яшовчи ёш тадбиркор Мафтуна Эргашева. – Икки нафар аёлни иш билан таъминладим. Бундан ташқари, маҳалламиздаги ҳунар ўрганишга қизиқадиган ўн нафарга яқин қизлар “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда. Юртимизда ёш тадбиркорларга кўрсатилаётган эътибор ва кўмакдан фойдаланиб, ўз бизнесимни бошлаганимдан, нафақат ўзим, балки бир неча ёшнинг ишлаб, доимий даромад топишига кўмаклашаётганимдан хурсандман.
Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган ижобий ишлар изчил давом этмоқда. Бу, аввало, ёшлар даромадини оширишга, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга, пировардида мамлакатимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.