Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида маҳаллий оммавий ахборот воситалари, медиа маконининг вакиллари ва блогерлар иштирокида тадбир ташкил этилди.
Вазирлик раҳбарияти оммавий ахборот воситаларининг давлат, бизнес ва аҳоли ўртасидаги боғлиқликни таъминлашда муҳим ўрин тутишини қайд этди.Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, уларга кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, тадбир доирасида “FURSAT” давлат медиа-лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳани инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов, Ёшлар ишлари Агентлиги директори А.Саъдуллаев ҳамда ИТСВ томонидан лойиҳа координаторлари тақдим этилди.
– “FURSAT” лойиҳасининг мақсади ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва улар бандлигини оширишга қаратилган. Шунингдек, Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари (ЁСТЗ)ни яратиш ва фаолиятини ташкил этиш ташаббусини илгари суришдир, – дейди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов.
Президентимизнинг қарорига кўра, мамлакат бўйлаб 219 та ЁСТЗ ташкил этилади. Улардан 185 таси ҳозирги кунда фаолият кўрсатмоқда ва ҳудудларида дастлабки лойиҳалар амалга оширилиши бошланган. Барча ЁСТЗлар зарур инфратузилма билан таъминланади, ёш тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш объектларини қўришлари учун барча шарт-шароитлар яратилади.
Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилгани ҳамда ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун 100 миллион доллар ажратилгани қайд этилди.
Ўз бизнес ғоялари бор, аммо уни бошлаш учун тажриба ва бошланғич капиталга эга бўлмаган 18-30 ёшли йигит-қизлар лойиҳа иштирокчилари бўлишлари мумкин.
Агар сизда бизнес-ғоя ёки тайёр бизнес-режаси бор бўлса, www.fursatloyiha.uz веб-сайти (http://www.fursatloyiha.uz/) ёки @fursatloyiha_bot телеграм – бот орқали ариза беринг.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА