Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашуви чоғида ҳафтанинг пайшанба кунини “Ёшлар куни” деб эълон қилган эди. Бугун, ана шу йиғилишдан сўнгги биринчи пайшанба Фарғона вилоятининг навқирон Ёзёвон туманида кўплаб учрашувлар, сайёр қабул, мулоқотлар куни сифатида ўтмоқда.
Тумандаги 1-сонли касб-ҳунар техникумида тикувчиликдан то автомобиль ишига ўқитиб ўргатилади. Унинг битирувчилари малакали мутахассис сифатида саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги техника паркларида ишлашмоқда. Тингловчиларга барча шарт-шароит етарли таъминланган. Туман ҳокими Дилшод Жалиловнинг бугун эрталабки биринчи манзили шу ер бўлди. У тингловчи ўқувчилар билан учрашиб ҳол-аҳвол сўради, ўқиш, амалиёт, дарсхона, кутубхона, ошхонадаги ҳолатларни ўрганди. Тингловчиларнинг муаммо ва мурожаатларини жойида ҳал этди. Шундан сўнг катта залда улар билан самимий суҳбат уюштирилди. Ҳоким ёшларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди, туманнинг бугуни ва эртаси, ёшларга Президент яратиб бераётган ва ёшлар билан учрашувда айтилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.


– Ўзим IТ га қизиқаман. Туман марказидаги “Келажак академияси” ўқув курсида маълум бир даражада билим олдим, – дейди талаба Умиджон Мадаминов. – Билимларни янада кучайтириш учун туманимизда IТ парки бўлиши лозим. У қачон қурилади, деб ҳокимга савол бердим. Бино битиб ҳозир жиҳозланяпти, 10 кун ичида фойдаланишга топиширилади, деди ҳоким. Биз ёшлар бундан хурсанд бўлдик.
Бугун нафақат ҳоким, унинг ўринбосарлари, прокурор ва ИИБ бошлиқлари таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда бўлиб ёшлар билан учрашдилар. Айниқса, туман ахборот- кутубхона маркази ва 28-болалар мусиқа ва санъат мактабидаги очиқ мулоқотлар жуда қизиқарли ўтди.


– Президентимизнинг ёшлар билан учрашувини телевидение орқали кўрдим ва ўзимга тегишли хулосалар чиқардим, – дейди талаба Исроилжон Иброҳимов. – Учрашувда ёшларга билим олиш ва ўз бизнесини ташкил қилиш учун жуда кўп имкониятлар янгидан яратилганини айтди Президент. Бугунги учрашувда туманимиз ҳокими уларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб бизга тушунтирди. Келажакда иқтисод йўналишида ўқиб, автомобиль саноатига дахлдор корхона очаман. Бунда, албатта, Президент яратган шароитлардан фойдаланаман.
Ҳоким Дилшоджон Жалилов 60 минг нафар туман ёшларини қамраб оладиган “Ҳоким ва ёшлар” телеграм канали ташкил этилганини айтиб, кимнинг қандай масаласи бўлса, куннинг исталган вақтида унга мурожаат қилиш мумкинлигини билдирди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/rj9Jhh5s0F0" title="“Yoshlar kuni” start oldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА