Бугун эрта тонгдан вилоят, шаҳар-туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари меҳнат жамоалари, ишлаб чиқариш корхоналари, ўқув юртлари томон йўл олдилар. Чунки пайшанба – ёшлар билан мулоқот куни.
Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов шаҳардаги 4-сон техникум талаба ва ўқувчи ёшлари ҳузурига келди. Бу ерда у дастлаб техникумнинг ёшларга касбий билим ва кўникма бериш имконияти билан танишди. Сўнгра турли йўналишда таҳсил олаётган ёшлар билан ҳар қандай расмиятчиликни четлаб, юзма-юз ўқув ва устахоналарда суҳбатлашди.

Техникумда бугун 631 нафар ёш 9 та йўналишда таълим олмоқда. Уларнинг орасида 32 нафар ўқувчи миллий ва хорижий тил сертификатига эга. 130 нафар ўқувчи эса дуал таълим шаклида билим олади. Техникумда “Компютер графикаси ва дизайн оператори”, “Электромонтёр”, “Пайвандловчи” ва “Металлга ишлов бериш” ўқув устахоналари мавжуд. У талаб даражасида жиҳозланган. Мулоқот чоғида ёшлар етук мутахассис бўлиш учун давлат томонидан яратилган шароитлардан миннатдор эканликларини билдирдилар. Шу билан бирга эришаётган ютуқлари ҳақида тўлқинланиб гапириб беришди.
– Техникумимизда ҳар пайшанба куни ҳоким ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтяпти, – дейди биринчи босқич талабаси Мумтозбегим Рўзматова. – Бугун вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳар биримиз билан очиқ мулоқот ўтказди. Биз ишланма тарзида тайёрлаётган инновацион лойиҳалар билан танишди. Бизнинг илтимосимизга кўра, уларни ишлаб чиқаришга жорий этишга ёрдам бераман, деди. Биз бундан жуда хурсанд бўлдик.

Техникумда Aнглиянинг “PEARSON” компанияси билан BTEC учинчи даражали квалификациялари бўйича ҳамкорликда 4 та йўналиш бўйича давлат гранти асосида кундузги халқаро таълим дастури жорий қилинган.
Pearson — бу Буюк Британияда жойлашган, таълим соҳасида фаолият юритувчи йирик халқаро компания ҳисобланади. У дунёнинг 70 дан ортиқ давлатларида фаолият олиб боради ва таълим, баҳолаш ҳамда малака сертификатларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.Pearson инглиз тили, мактаб таълими, олий таълим ва касбий таълим йўналишларида кенг танилган.

Ушбу дастур бўйича 9-синф негизида 115 нафар ўқувчи қабул қилинган ва ўқитилимоқда.
– Миллий сертификатни қўлга киритдим. Бу мен учун бошланиши. Ниятларим катта. Мен халқаро таълим йўналишида ўқиганлигим сабабли келгусида хорижий мамлакатда ҳам таҳсил оламан, – дейди Мумтозбегим Рўзматова.

Юқорида таъкидланганидек, техникумда дуал таълим жорий этилган. 150 нафар ўқувчи ҳам ўқиб, ҳам ишлаши учун 4 та корхона билан шартнома тузилган Ёшлар бу борадаги ишларни кенгайтириш истагида эканини айтдилар. Шерзод Полвонов тез орада яна камида 3-4 та корхона мазкур техникум ўқувчиларини дуал таълим йўналишида қабул қилишини ваъда берди.
Вилоят ҳокимнинг ўринбосари ёшлар билан очиқ ва самимий муносабатда бўлганиданми, улар ҳам ўқиш ва ҳаётларидаги масалаларни эркин баён этдилар. Айрим масалалар, масалан, чет тилини ўргатиш шароитини кенгайтириш шу ернинг ўзида ҳал қилинди. Техникумга олий ўқув юртларининг хорижий тиллар факультети юқори курс талабалари волонтёр сифатида жалб этиладиган бўлди.

Бу каби ёшлар билан учрашувлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/SuwikHYnBoM" title=""Yoshlar kuni" keng quloch yoymoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА