Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар – келажак қурувчилари
17:28 / 2025-04-14

Ўзбекистон дунёнинг 200га яқин мамлакатлари парламентарийларининг энг йирик мулоқот майдони – Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясига мезбонлик қилди.

Марказий Осиё минтақасида илк марта ўтказилган мазкур халқаро тадбир мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим тарихий воқеа сифатида муҳрланди.

Бугунги кунда дунёдаги мураккаб вазиятда парламентларнинг роли беқиёслиги сиёсий майдонларда ўз исботини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ассамблеядаги нутқида бу муҳим масалаларга эътибор қаратилди.

Хусусан, тинчлик ва хавфсизлик, вакиллик дипломатияси, ижтимоий тараққиёт ва адолат, таълим, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентлар мустаҳкам дўстлик кўприги, қолаверса, одамларнинг дарду ташвиши ва муаммоларини ҳал этишга қодир бўлган қудратли куч экани таъкидланди.

Президентимизнинг нутқидаги энг муҳим масалалардан бири сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтириш ҳақида бўлди. Сунъий интеллект бугунги кунда ҳаётимизнинг барча соҳаларига кириб келмоқда ва унинг этикаси билан боғлиқ масалалар ҳам ўз ечимини кутмоқда. Сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқиш бу борада муҳим қадам бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг нутқидаги яна бир муҳим жиҳат – парламентлар фаолиятига ёшларни фаол жалб этиш ҳақидаги фикрлари мени, олий таълим ўқитувчиси сифатида жуда қувонтирди.

Чунки, ёшлар – келажагимизнинг қурувчилари, жамиятимизнинг эртанги кунини белгиловчи куч. Уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларга ўз фикрларини билдириш, жамиятда фаол иштирок этиш имкониятини бериш бу бизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ёшларни парламентлар фаолиятига жалб этиш, сиёсий жараёнларга қўшиш, ўзларини сиёсий жараёнларда иштирокчи деб ҳис қилишларига имкон бериш келажакда ўғил-қизларнинг масъулиятли фуқаролар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Парламентлараро Иттифоқ тизими доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи эса ёшларнинг жаҳон миқёсидаги сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишига имкон берадиган муҳим қадам бўлади.

Бу платформа ёшларга ўз фикрларини билдириш, муаммоларни муҳокама қилиш, ечимлар топиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун ажойиб имконият яратади.

Ёшларнинг парламентлардаги иштироки фақатгина уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эмас, балки жамиятнинг ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшади. Уларнинг янги ғоялари, инновацион ёндашувлари, жамиятдаги муаммоларга нисбатан янгича қарашлари жамият ривожини тезлаштиришга хизмат қилади.

Шунинг учун, ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларни сиёсий жараёнларга жалб этиш, парламентлардаги иштирокини таъминлаш барчамизнинг муҳим вазифамиз. Шунинг учун биз ҳозирданоқ ҳар бир дарс машғулотларида талабаларнинг сиёсий билимини ошириб боришимиз, улар онгида кўникмалар ҳосил қилишимиз керак.

Дарс машғулотлари фақатгина ўқув материалларини ўрганиш майдони эмас, балки ёшларнинг онгини шакллантириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, сиёсий билимларини ошириш учун беқиёс имконият.

Ҳар бир дарс машғулотида талабаларнинг сиёсий билимини ошириш учун биз турли усуллардан фойдаланишимиз мумкин. Масалан, муҳокамалар, дебатлар, лойиҳалар, тақдимотлар орқали талабаларнинг сиёсий онгини шакллантириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга ўргатиш мумкин.

Шунингдек, талабаларни сиёсий тадқиқотларга жалб этиш, парламентлар фаолияти билан яқиндан таништириш, сиёсий партияларнинг дастурларини ўрганиш, сиёсий таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантириш ҳам ёшларнинг сиёсий билимини оширишга хизмат қилади.

Биз, олий таълим ўқитувчилари, ёшларнинг сиёсий билимини ошириш, улар онгида масъулиятли фуқаролик кўникмаларини шакллантириш, жамият ривожига ҳисса қўшишга тайёрлаш учун барча имкониятларни ишга соламиз. Шу йўл билан келажакда масъулиятли, билимли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаб, жамиятимизнинг равнақига хизмат қиламиз.

Дилрабо Шодиева, Термиз давлат университети ўқитувчиси.