Давлатимиз раҳбари 2017 йил 30 июнь куни бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қурултойида илк бор Ёшлар кунини нишонлаш тўғрисидаги таклифни илгари сурган эди. Юрагида ўти бор ёшлар буни катта ҳаяжон билан қарши олган эди. Шу куннинг ўзида янги ташкилот ‒ Ўзбекистон ёшлар иттифоқини янги мақсад билан ташкил этиш тўғрисидаги қарор имзоланди. Мана бир неча йиллардан буён 30 июнь ‒ Ўзбекистонда Ёшлар куни сифатида нишонламоқда.
Ўтган вақт мобайнида мазкур байрам жамиятимиз ҳаётида, айниқса, ёшлар қалбидан чуқур ўрин олди. Бугунги кунга келиб ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди деб баралла айта оламиз. Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини юзага чиқариш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тизими яратилди. Айниқса, Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар мақтовга лойиқ. Билимга чанқоқ ёшларнинг талабига мос равишда олий таълим муассасалари сони ортмоқда. Бу имкониятлар, шароитларнинг барчаси ёшларимизга берилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Ҳар йили Ёшлар ойлиги дастурида ёшларнинг қизиқиш ва интилишларига мос ва хос равишда кўплаб тадбирлар, хусусан, “Заковат”, “Brain Ring” интеллектуал ўйинлари, форумлар, турли хил викториналар, спорт мусобақалари, учрашувлар, шоу ва концерт дастурлари ўтказилиб келинмоқда.



Ёшлар кунини юқори савияда ташкил этиш учун Ёшлар иттифоқи ҳамкор ташкилотлар билан келишилган ҳолда тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Мазкур ойликда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида аҳамият берилди. Ушбу тадбирлардан асосий кўзланган мақсад ҳар бир ёшни фаолликка ундаш, ҳаётда ўз ўринларини топишга кўмаклашишдир. Кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик, яратиб берилаётган шарт шароитлар учун ёшлар ўз билим ва иқтидорларини намоён этиб Ватан олдидаги бурчини ҳис қилмоғи лозим. Ватанга муносиб фарзанд бўлиб, юрт равнақи учун ҳисса қўшиш, бу ёшларнинг фарзандлик бурчи.
Нодира Маҳмуджонова,
Тошкент кимё-технология институти битирувчиси