Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшлар келажак драйверлари” I Ёшлар форуми ўтказилди
12:49 / 2021-06-28

Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғоя ва ташаббусларига қанот бағишлаш, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида уларнинг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

30 июнь — ҳар йили мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида кенг нишонланмоқда. Байрам арафасида турли ташкилот ва муассасалар томонидан ёшлар иштирокида турли форум, маънавий-маърифий учрашув ҳамда тадбирлар ташкил этилмоқда.  

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “Ёшлар ойлиги” доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Ёшлар келажак драйверлари” I Ёшлар форуми ўтказилди.  

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига ЎзМТДПдан сайланган ёш депутатлар, партия Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг “Ёшлар қаноти” етакчилари ҳамда “Кўмак” тарғибот гуруҳи аъзолари иштирок этди.  

Мазкур форум жорий йил 5 февраль куни давлатимиз раҳбарининг сиёсий партиялар раҳбарлари билан партиялар фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган йиғилишда белгиланган устувор вазифалар ижроси ҳамда 2021 йилнинг октябрида ўтказиладиган Президентлик сайловида ёшларнинг муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган “Йўл харита”га мувофиқ ўтказилди.  

“Миллий юксалиш драйверлари” шиори остида ўтказилган форум 30 мингдан зиёд ёшларни қамраб олган бўлса, уларнинг 150 нафари бевосита Тошкентда ўтказилган тадбирларда иштирок этди. Форумнинг биринчи кунида ёшлар учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, таниқли сиёсатчилар, ёш олим, атоқли шоира ва рассомлар, журналистлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил қилинди, очиқ мулоқот ва мушоира кечалари ўтказилди. Шунингдек, “Ёшлар қаноти” етакчилари ҳамда “Кўмак” тарғибот гуруҳи аъзолари “Энг яхши ёш сиёсатчи”, “Энг яхши тақдимот” танловларида иштирок этиб, турли мавзуларда тайёрлаб келган тақдимотларини намойиш қилди. Ёшлар форуми иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти билан танишиш мақсадида қуйи палатага ҳам ташриф буюрди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров форум иштирокчиларини яқинлашиб келаётган Ёшлар куни билан қутлаб, Қонунчилик палатаси ва депутатлар фаолияти, қонунларни қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот берди.  

Учрашув давомида партия етакчиси билан очиқ мулоқот ҳам бўлиб ўтди. Унда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Очиқ мулоқотдан сўнг “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлар қаноти” Кенгаши раҳбари, шунингдек, партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига сайланган ёш депутатлар гуруҳи раҳбарини сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Ёшлар парламенти аъзоси Самандар Исмоилов “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Ёшлар парламентидаги фракцияси раҳбарлигига сайланди.  

Ёшлар форуми иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг замонавий талаблар асосида бутунлай қайта таъмирланган кутубхона ҳамда қуйи палата музейи билан ҳам танишди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА