Ёшлар – ҳар қандай миллатнинг келажаги, тараққиёт пойдевори. Эртанги жамиятни қуришга масъул бўлган авлод. Ана шу масъулият сабаб юртимизда ёшларга доир давлат сиёсати янги босқичга кўтарилди. Ёшларга ҳар соҳада кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Улар учун таълим, стартап лойиҳалар, рақамли технологиялар ва халқаро тажриба алмашинуви каби соҳаларда кенг йўл очилмоқда. Албатта, уларга берилаётган бундай имкониятлар ёшларни тараққиёт жараёнининг фаол иштирокчисига айлантиради.
Шунингдек, 2017 йилдан буён мамлакатимизда “Ёшлар куни” ҳар йили кенг миқёсда, анъанавий тарзда нишонланади. Шу муносабат билан Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасида Республика Туркман маданият маркази томонидан 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан “Ёшлар – келажак бунёдкори!” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев ҳамда
Республика Туркман маданият маркази раиси, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Гулдана Авездурдиева мамлакатимиздаги фаол туркман ёшлари ва уларнинг эришаётган ютуқлари ҳақида сўз юритди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг келажак бунёдкорлари сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, турли миллатлар ёшлари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдан иборат.
Давра суҳбатида турли соҳаларда фаолият юритаётган ёшлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, жамиятдаги роли ва масъулияти ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг таълим, спорт, китобхонлик ва санъат соҳаларидаги ютуқлари ҳамда келажакдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирда, шунингдек, Республика Туркман маданият марказининг фаол аъзолари – “Ёш китобхон” танловининг Республика босқичи ғолиби Огулжерен Халдурдиева, спортнинг грек-юнон тури бўйича Осиё чемпионлари ҳамда уларнинг мураббийлари сўзга чиқиб, тенгдошларини байрам муносабати билан муборакбод этиб, тенгдошларини ҳам мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишда фаолликка чорлади.
Мулоқот якунида Республика Туркман маданият маркази тадбирларида фаол иштирок этиб келаётган ёшлар “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/RXo2ysl6yGA?si=UE3fCktXLlmHuUI5" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео),
У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА