30 июнь – Ёшлар куни
Ҳар қандай мамлакатнинг эртанги куни бевосита ёшларга ва улар билан боғлиқ амалга оширилаётган сиёсатга боғлиқ. Бежизга ёшларни келажак бунёдкори деб аташмайди.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс учун пойдевор яратишда ёшларнинг куч-ғайрати ва азму шижоатига таянилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёшлар билан ҳамнафас!” шиори остида Тошкент вилоятининг гўзал гўшаларидан бири бўлган “Хумсон” дам олиш масканида фестиваль ташкил этилди.

Фестиваль доирасида ёшлар ўртасида шахмат, стол тенниси, бадминтон, арқон тортиш, кубик-рубик йиғиш каби йўналишларда спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Уларда вазирлик тизимидаги ёш ходимлар ўзларининг ақлий ва жисмоний салоҳиятини яна бир бор синовдан ўтказди.
Шундан сўнг, вазирлик раҳбариятининг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Суҳбатда бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, тизимда ҳам ёш ходимларнинг меҳнат қилиши, касб сир-асрорларини пухта ўрганиши, иқтидорини намоён этиши учун барча имкониятлар яратилганига эътибор қаратилди.
Ёшлар ўзаро суҳбатлашиб, янги фикр ва ғояларини ўртага ташлади. Вазирлик томонидан бу таклифлар қўллаб-қувватланиши ва амалиётга жорий этилиши таъкидланди.
Тадбир сўнгида мусобақаларда ғолиб бўлган ҳамда фаол иштирок этган ёшларга эсдалик совғалари топширилди.
Шуҳрат ИСЛОМОВ,
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ходими.