Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси фаолиятига доир сарҳисоб ва истиқболдаги режалар
15:00 / 2020-06-28

Молиялаштирилган лойиҳаларнинг 3,5 мингдан зиёди ишлаб чиқариш соҳасида, 3 мингга яқини хизмат кўрсатиш ва мингдан ортиғи қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳалардир.


“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси 2018 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан ташкил этилган ва унинг зиммасига ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга оид қатор вазифалар юклатилган эди.

Мана жамғарма ташкил этилганига роппа-роса 2 йил тўлди. Хўш, у олдига қўйилган мақсад ва вазифаларини қай даражада бажара олди, тизимда қандай муаммолар бор, келгуси фаолиятида нималарни режалаштирмоқда? Куни кеча “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси томонидан ОАВ воситалари учун ташкил этилган матбуот анжумани жамғарманинг 2 йиллик фаолияти сарҳисобига, юқоридаги саволлар жавобига бағишланди.

Тадбирда келтирилган рақамларга кўра, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида” ги Фармон ижроси доирасида, жамғарма саъй-ҳаракати билан бугунги кунга қадар ёш тадбиркорларнинг 7 690 та бизнес лойиҳаларига жами 1 трлн. 614 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 40 мингга яқин янги иш ўрни яратилишига эришилган.

Молиялаштирилган лойиҳаларнинг 3,5 мингдан зиёди ишлаб чиқариш соҳасида, 3 мингга яқини хизмат кўрсатиш ва мингдан ортиғи қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳалардир.

Анжуманда жамғарманинг келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлари хусусида ҳам маълумот берилди.

photo_2020-06-28_18-52-10.jpg

– Келгусида ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб қувватлаш учун жамғарма томонидан маблағлар ажратилади – дейди “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ижро этувчи директори Хайрулла Саттаров. – Ёш тадбиркорларни ўқитиш, малакасини ошириш учун маҳаллий ва хорижий бизнес тренингларига жалб етилади, хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш, тажрибалар алмашишига кўмаклашиш учун халқаро ёш тадбиркорлар бизнес форуми ташкил этилади. Ёш тадбиркорларнинг молиявий қонунчиликка оид билимлари ошириб борилади, уларга консалтинг хизматлари кўрсатилади. Шунингдек, ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлашга кўмаклашилади, иқтидорли, салоҳиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш мақсадида “My business” “reality shou”си ташкил этилади. Шу ва бошқа олдимизга қўйган вазифаларни бажарсак, Ўзбекистон иқтисодиётида ёш тадбиркорларнинг улуши ортишига, юртимизда илм-фан билан уйғунлаштирилган бизнес муҳити шакллантирилишига эришамиз.

Матбуот анжуманида ЎзА мухбири ҳам бир нечта саволлар билан иштирок этди. Жамғармага маблағ ажратиш масаласида мурожаат қилган ёш тадбиркорларнинг аризаси нега узоқ вақт давомида кўриб чиқилади, жараёнга бир йиллаб вақт кетиши мумкин, бу муддатни қисқартириш устида иш олиб бориляптими? Бундан ташқари, мурожаатни ўринсиз рад этилиши ёки тизимда учраётган коррупция ҳолатлари билан боғлиқ статистикалар, ўрганишлар натижалари борми? Ушбу саволларга Х.Саттаров шундай жавоб берди:

– Маблағ ажратилиши масаласига тўхталсак, бу борада бир йилда бир маротаба давлат дастури тасдиқланади, лекин биз доимий асосида ишлаймиз, ўрганишлар олиб борамиз. Тушган аризаларнинг 10-15 фоизигагина маблағ ажратиш механизмимиз билан молиялаштира оламиз, холос. Қолганларини эса бошқа дастурлар орқали молиялаштиришни режалаштиряпмиз, ишлаяпмиз. Коррупция ҳолатлари билан боғлиқ масалага келсак, жуда ўринли савол. Биринчи масала, бизнинг фаолиятимиз шаффоф, кимларга қанақа аризалар тушган, қайси аризачилар талаби қониқтирилди ва бошқа масалалар шаффоф тарзда олиб борилади. Бундан ташқари ёш тадбиркорлар ҳам жамғармамиз сайти, махсус бот орқали мурожаат, шикоятларини билдириши мумкин. Иккинчидан, лойиҳаларни имтиёз тарзида танлаб олиниши жараёнига келсак, бунда коррупция масалани фақат пул билан ҳал этишда эмас, таниш-билишчилик, қариндошлик орқали иш битиришга уринишда ҳам бўлиши мумкин. Тегишли комиссия таркибида жамғармамиз ходимлари йўқ. Ходимларимиз лойиҳаларни танлаб олиш жараёнида иштирок этмайди, ижрочи қатнашади, холос.

Албатта, жойларда маблағларни мақсадсиз ажратилиши ҳолатлари бўлади ёки лойиҳа комиссиядан ўтсада, ўз ўрнини топа олмайди, бу гапларни ҳам очиқ айтиш керак. Бугунги кунда 8 мингга яқин лойиҳаларни молиялаштирган бўлсак, 200 га яқин лойиҳаларимиз ўз самарасини бермаган. Бу бўйича ҳам маълумотларимиз шаффоф акс эттирилади, жараён мониторинг қилинади.

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан ёш тадбиркорлар фаолиятига оид роликлар, тақдимотларни тайёрлашда ҳаётийлик, бу йўлда учраётган қийинчилик, тўсиқларни кўрсатиш, келгусида режалаштирилаётган “My business” “reality shou”сини креатив, таъсирли, ёшлар дунёқараши, қизиқишидан келиб чиқиб, улар эътиборига туша оладиган форматда, чекка ҳудудлар ёшларини қамраб оладиган даражада ташкил этиш ва уни рейтингги баланд телеканаллар орқали ёритиш таклифлари билдирилди.