Тошкент вилояти ҳокимининг 2023 йил 7 февралдаги қарорига асосан “Армия – ватанпарварлик ва жасорат мактаби” шиори остида 2023-2024 йилларга мўлжалланган режалар тасдиқланди. Унга кўра, ҳудудларда уюшмаган, тарбияси оғир ва ҳисобда турувчи ёшлар билан манзилли ишларни амалга ошириш мақсадида “1+5” тизими жорий этилади. 2023 йил барча туман-шаҳарларда тарбияси оғир, профилактик ҳисобда турувчи ва уюшмаган ёшлар билан ҳарбий маъмурий секторлар ҳамкорлигида 10 кунлик “Жасорат мактаби” йиғинлари ўтказилади.
Ҳарбий ватанпарварлик ўқув йиғини доирасида Тошкент вилояти ҳокими кубоги учун минифутбол мусобақаси, вилоят прокурори кубоги учун спортнинг шахмат ва шашка мусобақаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги учун спортнинг стол теннис мусобақаси, Давлат хавфсизлик бошқармаси бошлиғи кубоги учун “Миллий кураш” мусобақаси ва Округ қўмондони кубоги учун ҳарбий эстафета мусобақалари ташкил этилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик соҳасига қизиқувчи 100 нафар ёшларнинг ўз бизнесларини йўлга қўйиш бўйича 10 кунлик семинар-тренинглар ташкил этилиб, энг фаол иштирокчиларга имтиёзли кредит олишлари учун махсус сертификатлар топширилади. “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ёшлар 1+1 дастури асосида ҳудудларда самарали фаолият кўрсатаётган катта тажрибага эга тадбиркорлар бириктирилади ва тажрибаси оширилади.
Шаҳар ва туман сектор раҳбарлари шахсан масъуллигида лойиҳа доирасида касб-ҳунарларга ўқитилган ёшларни 10 кун назарий ўқув машғулотларидан сўнг, 20 кунлик амалиёти учун шароитлар яратиш ва кафолатланган иш жойи билан таъминлаш чораларини кўради.
А.Мусаев, ЎзА.