Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судида эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган зоминлик 2001 йилда туғилган Х.У. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида суд залидан озод этилди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси, 2-қисми билан Зарбдор туман судида айбланувчи Х.У.ни жиноят иши кўриб чиқилди.
Судда у содир этган жиноят иши эҳтиётсизлик оқибатида келиб чиққанлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, ОТМ талабаси эканлиги ҳисобга олинди. Инсонпарварлик, бағрикенглик ва одиллик тамойилларига таяниб Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида Х.У.га қонун даражасида енгиллик берилди. Х.У.нинг хулқи ва тарбияси бир йил давомида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи назоратида бўлади ва унинг ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиши таъминланади.
Ҳеч қандай жиноят жазосиз қолмайди, албатта. Қонунни билмаслик ҳеч кимни жавобгарликдан асраб қолмайди. Кимнинг ёки қайсидир ташкилотнинг кафиллигида озод этилди, назоратида бўлади, дегани “Бутунлай оқланди”, дегани ҳам эмас, энди жиноят содир этган шахс ниҳоятда эҳтиёт ва огоҳ бўлиши, қонунни умуман бузмаслиги шарт, деганидир. Акс ҳолда, эндиги жазо жуда қаттиқ бўлиши мумкин. Буни унутманг.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА