Тошкент шаҳридаги “School 21” рақамли технологиялар мактабида илк ўқув машғулотлари бошланди.
Рақамли технологиялар ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари билан ҳамкорликда татбиқ этилган ушбу лойиҳа ёшларнинг IT соҳасида билим ва кўникмасини оширишга қаратилган.
“School 21” рақамли технологиялар мактаби бош ижрочи директори Зарина Лухманованинг таъкидлашича, мазкур ўқув даргоҳининг пойтахтда очилиши Ўзбекистон IT инфратузилмасини ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадамдир.
–Бугунги кунда 710 нафар ўғил-қиз саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, ўқув машғулотларида қатнашмоқда. Уларнинг ҳар бири мамлакат келажагига ҳисса қўшадиган салоҳиятли IT мутахассислар бўлиб етишади. Мақсадимиз ахборот технологиялари соҳасида ривожланишга интилаётганлар учун имкониятлар яратиш ва Ўзбекистоннинг рақамлаштириш бўйича ривожланиш стратегиясини қўллаб-қувватлашга қаратилган, – деди З.Лухманова.
Таъкидлаш керакки, ўқув даргоҳида ўқиш учун 10 минг нафардан ортиқ турли ёшдаги номзод ўз билимини синаб кўрди. 710 нафари биринчи саралаш босқичидан муваффақиятли ўтди.
Улар бу ерда “тенгдош тенгдошга” методологияси асосида мукаммал билим ва кўникмага эга бўлади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА