Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар иштирокида гиёҳвандликка қарши давра суҳбати ўтказилди
11:13 / 2026-03-05

Навоий юридик техникуми талабалари иштирокида “Ёшлар ва ўсмирлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар истеъмолининг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ж.Каримов, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Б.Алиқулов, шаҳар судининг тергов судьялари С.Болтаев ва У.Исмоилов ёшлар ва ўсмирлар ўртасида гиёҳвандлик ҳамда психотроп моддалар истеъмолининг салбий оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бугунги кунда гиёҳвандлик нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё учун долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда юртимизда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлиги ва миллат генофондини ишончли муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чоралар белгилаб берилган.

Шунингдек, Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, манзилли профилактик ишлар асосида жиноятчиликни камайтиришга қаратилган ташкилий чоралар назарда тутилган.

Давра суҳбатида сўнгги йилларда республикамизда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ содир этилган жиноятларнинг 22-25 фоизи ёшлар томонидан содир этилганлиги ташвишланарли ҳолат эканлиги таъкидланди.

– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар орасида “Тропикамид”, “Прегабалин” (“Лирика”, “Регапен” ва “Липре”), “Залеплон” (“Селофен”) каби кучли таъсир қилувчи препаратлар ва таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган “Трамадол” дори воситалари кенг тарқалмоқда, – дейди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ж.Каримов. – Айниқса, кейинги пайтда онлайн платформалар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси учун қулай ахборот майдонига айланиб бормоқда. Хусусан, интернет маконида гиёҳвандлик воситалари ва психофаол моддалар савдосига ихтисослашган 52 ахборот манбаи аниқланган, уларнинг 14 таси веб-сайтларда, 38 таси эса Телеграм мессенжери орқали фаолият юритган.  

Давра суҳбати давомида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Зарурий профилактик чораларни янада кучайтириш бўйича судьяларнинг, педагог ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг таклифлари тингланди. Суҳбатлар жараёнида гиёҳвандликка қарши курашишга оид тарғибот материаллари тарқатилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири