“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Ёшлар ишлари агентлиги кубоги” шахмат мусобақасининг республика финал босқичи бўлиб ўтди.
Навоий вилоятининг Тўдакўл шахмат мактабида ташкил этилган мусобақанинг илк кунида ҳаваскор шахматчилар "Havaskor Open", "Havaskor Women" йўналишларида беллашди. Бу ерда республика бўйлаб 1 миллиондан ортиқ иштирокчи орасидан сараланган энг иқтидорли ёш ҳаваскор шахматчилар ғолиблик учун дона суришди.


Ўғил болалар ўртасида 1- ўринни наманганлик Музаффар Мирабдуллаев эгаллади. 2-ўрин Тошкент вилоятидан Ақжол Раҳматуллаевга насиб этган бўлса, 3-ўринга Тошкент вилоятидан Азизхон Ёқутхонов муносиб топилди.

Қизлар ўртасида 1-ўринга Навоий вилоятидан Муниса Тўйчиева сазовор бўлди. 2-ўрин Сирдарё вилоятидан Гулбаҳор Алиқуловага, 3-ўрин Хоразм вилоятидан Ҳуснида Олимбоевага берилди.


Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга диплом, пул мукофотлари топширилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА