Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги “Яшил ташаббуслар”ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги “Яшил ташаббуслар”ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби;
Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш тартиби;
Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби белгилаб берилган.
Маълумот ўрнида: олдинроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 мартдаги ПФ-61-сон Фармонига мувофиқ:
а) ёшларда табиатга мухҳббат ҳиссини уйғотиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Яшил ташаббуслар”ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши белгиланган;
б) “Яшил ташаббуслар”ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси:
Давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида;
халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилиши назарда тутилгани ҳақида маълумот берилган эди.
ЎзА