Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар - инсон капитали ва иқтисодий ўсиш таянчи
09:36 / 2026-01-20

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таълим ва ёшлар масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Мурожаатнома давомида давлат раҳбари ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, касбий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини янги архитектура асосида янгилаш борасида бир қатор муҳим ташаббусларни маълум қилди. Бу саъй-ҳаракатлар ортида тез ўзгараётган замон талаблари ва келажак касбларига ёш авлодни тайёрлаш мақсади мужассам.

Ўзбекистонда ёшлар бандлиги ва касбга йўналтириш сиёсати

Мурожаатномада таъкидланганидек, мамлакат меҳнат бозорида талаб этилаётган касб ва малака билан таълимни узвий боғлайдиган янги механизм зарурлиги айтилди. 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” стратегиясига мувофиқ, ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга камайтириш вазифаси қўйилган бўлиб, 400 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш режаси белгилаб қўйилган. Давлат томонидан ёшларни ишга жойлаштириш учун маҳаллаларда касбга ўқитиш, ижтимоий ҳимоя ва тадбиркорликка кенг жалб қилиш каби чора-тадбирлар кўрилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, иқтисодиётга йилига кириб келаётган 30-35 млрд доллар инвестиция асосида ҳар йили 250-300 минг атрофида юқори даромадли янги иш ўринлари яратилмоқда ва бу аввало ёшлар учун янги имкониятлар демакдир. Шу билан бирга, бу иш ўринларини тўлдириш учун ёшларни замонавий технологиялар, хорижий тиллар ва касбий кўникмалар билан қуроллантириш зарурлиги таъкидланмоқда.

Ўзбекистонда кейинги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан янгилашга киришилди. Мамлакат раҳбари ўз чиқишларида маҳаллада “Ҳар бир ёш – бир касб эгаси” тамойилини илгари суриб, маҳаллий ҳокимият органлари ва тадбиркорлик субъектлари ҳамкорлигида ёшларни ўқитиш, тўғридан-тўғри ишга жойлаштириш дастурларини амалга оширишга чақиради. Натижада, жойларда кичик саноат зоналари, хизмат кўрсатиш устахоналари ва стартап-инкубация марказлари орқали минглаб ёшлар иш билан таъминланмоқда ва ўз бизнесларини бошлаш учун грант ва имтиёзлар олмоқда. Ёшлар бандлигини рағбатлантириш мақсадида давлат томонидан тадбиркорларга солиқ имтиёзлари ва субсидиялар тақдим этилиб, банд қилинган ҳар бир ёш учун ижтимоий тўловлар бўйича енгилликлар берилмоқда.

Мурожаатномада таъкидланганидек, дунё миқёсида янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида меҳнат бозори тез ўзгармоқда. Яқин 5 йил ичида мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлашиши, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилиниши қайд этилди. Шу шароитда мамлакат меҳнат бозори “касб-малака-технология-таълим”ни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши лозимлиги таъкидланди. Мутахассислар фикрига кўра, касбга қизиқиш 7-синфдан шаклланиб, танлов 9-синфда аниқлашади; шу боис 9-синф битирувчилари фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқишига қараб саралаб олиниб, олийгоҳга кириш истаги бўлмаганлар техникумларга йўналтирилиши белгиланди.

Касбий таълимнинг таянчи сифатида техникумлар “янги сифат босқичи”га чиқарилмоқда. 2026 йилдан ҳар йили камида 100 та техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори касбларга мос жиҳозланади, илғор дастурлар жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади. Ҳудудий инфратузилма ҳам босқичма-босқич кенгаяди: 2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда “Илғор касбий маҳорат техникуми” ва “Касблар шаҳарчаси” ишга туширилиши айтилди. Бу тизим 3 йил олдин йўлга қўйилиб, ўқувчилар қамрови 15%га етказилгани, шунингдек, автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қурилиш, транспорт, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, туризм, сервис ва IT каби йўналишларда 70 мингга яқин ўқувчи дуал таълим асосида ўқиб, ойига 10 млн сўмгача маош олаётгани мамлакат раҳбари томонидан алоҳида таъкидланди.

Техникум - иш берувчи ҳамкорлиги рағбатлантирилади. Дуал таълимни самарали ташкил қилган корхоналарга 7 йил муддатга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредит, тадбиркорлик рейтингида қўшимча 5 балл, ишга олган техникум ўқувчиси учун 1 фоизли ижтимоий солиқ имтиёзини яна 3 йилга узайтириш чоралари белгиланди. 2026 йилдан техникумларда ўқийдиган 100 минг ўқувчига илк бор стипендия тўланиши айтилди. Олий таълим ва бандлик кесимида меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадр кириб келаётгани қайд этилар экан, битирувчилар ва иш берувчиларни боғлайдиган рақамли экотизим яратиш режаси берилган. Соғлиқни сақлашда эса айрим йўналишларга ўтган йиллардан 1,5 баробар кўп - 3,5 трлн сўм ажратилиши белгиланган.

Келажак касбларига тайёрлаш ва таълимдаги ўзгаришлар

Замонавий иқтисодиёт талаблари шуни кўрсатмоқдаки, келгуси 10-20 йилликда меҳнат бозорида STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика), ахборот технологиялари, сунъий интеллект, экологик ва “яшил” иқтисодиёт каби соҳалардаги мутахассисларга эҳтиёж кескин ортиб боради. Мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, “келажак – замонавий билимлар билан қуролланган янги касб эгалариники” бўлади. Шу боис, Ўзбекистон таълим тизимида бошланғич ва ўрта таълимдан тортиб олий таълимгача муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 2020 йилдан мактаб ўқув режаларига асосий фанлар билан бирга робототехника, информатика ва чет тиллари бўйича қўшимча курслар киритилиши йўлга қўйилди. Мактаб битирувчилари ҳеч бўлмаганда 2 та хорижий тил ва 1 та замонавий касб кўникмасига эга бўлиб чиқиши стратегик мақсад қилиб белгиланган. Шунингдек, олийгоҳлар ҳузурида инновацион технопарклар, “Креатив парк”лар ташкил этилиб, ҳар бир вилоятида ёшлар учун янги технологиялар ва креатив индустрияларни ўрганиш марказлари очилмоқда.

Келажак касбларига тайёрлашнинг яна бир муҳим жиҳати – ёшларнинг рақамли компетенцияларини оширишдир. Айни пайтда республика бўйича минглаб иқтидорли ёшлар сунъий интеллект, квант ҳисоблаш, дронлар ва робототехника йўналишларда стартап ва илмий лойиҳалар устида ишламоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан Рақамли технологиялар маркази, сунъий интеллект бўйича илмий лабораториялар ташкил қилинди. “Бир миллион дастурчи” дастури доирасида ёшларга дастурлаш асосларини ўргатиш оммавийлашди – бу дастур орқали бир неча юз минг нафар ёшлар онлайн курсларни тамомлаб, ахборот технологиялари соҳасидаги биринчи малака сертификатларини қўлга киритди. Натижада, IT соҳасида банд бўлган ёшлар сони ҳам ортмоқда – “Ўзбекистон 2030” стратегиясига кўра, 2030 йилгача IT секторда камида 300 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш вазифаси белгиланган.

Келажак касбларига тайёрлашда хорижий мамлакатлар тажрибаси 

АҚШ тажрибасида ёшларни келажак касбларига тайёрлашда STEM ва рақамли иқтисодиёт устувор йўналиш сифатида қаралган. 2023-2033 йилларда STEM соҳаларида бандлик 10,4% га ўсиши кутилмоқда, шунинг учун федерал ҳукумат ва штатлар юқори технологияли кадрлар тайёрлашга катта сармоя киритган. CHIPS ва Science Act доирасида юқори технологиялар учун $52,7 млрд ажратилиб, муҳандислар ва тадқиқотчилар тайёрлашга эътибор кучайтирилган. 

Францияда касбий лицейлар ислоҳоти ёшлар бандлигини оширишга қаратилган. Амалиёт даврида ойлик тўлов жорий этилган, “корхона бюроси” орқали мактаб ва бизнес ҳамкорлиги кучайтирилган ҳамда ўқув дастурлари меҳнат бозори талабларига яқинлаштирилган. 2025 йилги миллий стратегия ёшларни талаб юқори касбларга йўналтириш, компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ишсиз ёшларга индивидуал кўмак беришни назарда тутган.

Финляндия касбий таълимни компетенция асосида ташкил этиб, ҳар бир ўқувчи учун индивидуал ўқув режа жорий қилди. 18 ёшгача мажбурий таълим, рақамли ва “яшил иқтисодиёт” модуллари, тенг имкониятлар сиёсати орқали ёшларнинг замонавий компетенцияларга эга бўлиши таъминланмоқда. Гендер номутаносиблигини камайтириш ва касбий ҳаёти мобайнида ўқиш ва малака ошириш тамойили асосий йўналишга айланган.

Жанубий Корея STEM тизим ва инновацияга катта сармоя киритиб, “Майстер” мактаблари орқали амалиётга йўналтирилган таълимни ривожлантирди. Бундай мактаб битирувчиларининг 90%гача ишга жойлашмоқда. Стартаплар, инкубаторлар ва венчур қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар инновацион тадбиркорликка жалб қилинмоқда.

Японияда Society 5.0 концепцияси доирасида таълим амалиётга яқинлаштирилиб, касбий университетлар ташкил этилган. Уларда дастурлаш ҳамда Сунъий интеллект фанлари мажбурий қилинган. Илмий-таълим харажатлари оширилиб, аёллар ва кексаларни қайта тайёрлаш орқали меҳнат бозорида фаоллик кучайтирилмоқда. Таълим, фан ва технология уйғунлиги демографик муаммоларни юмшатишга хизмат қилмоқда.

Хитой эса 2025-2027 йилларда 30 млн ишчини қайта тайёрлашни режалаштириб, авиация, электромобиль, AI ва Big Data каби соҳаларда улкан кадрлар базасини шакллантирмоқда. Янги квалификация тизими, микросертификатлар ва рақамли мониторинг орқали сифат назорат қилинмоқда. Бу тажриба касбий таълимни стратегик воситага айлантириб, ёшларни келажак технологияларига тайёрлашда дунёдаги энг кўламдор моделлардан бирига айланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ёшларига касбга йўналтириш, уларни XXI аср кўникмаларига эга мутахассислар этиб вояга етказиш борасида жадал ислоҳотлар бошлаган ва бу йўлда дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасини ҳам ўрганиб, амалга татбиқ этмоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари билан айтганда, “биз ёшларимизни нафақат замон билан ҳамнафас, балки келажакка тайёр қилиб тарбиялашимиз керак”. Бу эзгу мақсад йўлида қабул қилинаётган қонунлар, дастурлар ва амалий чора-тадбирлар самараси ўлароқ, яқин келажакда республика ёшлари нафақат маҳаллий, балки халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош кадрларга айланиши кутилмоқда. 

Зеро, келажак касбларига эга бўлиш – бугунги глобаллашган дунёда ҳар бир мамлакатнинг барқарор тараққиёти ва ҳар бир ёшнинг фаровон келажагининг гаровидир.

Жураев Жамшед Раҳматиллоевич. 

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази 

Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари